Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Лондонда британиялик экспертлар билан учрашди
Лондон шаҳридаги Хорижий мамлакатлар ривожланиши институтида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Буюк Британия эксперт доиралари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, тадбирда “Chatham House”, “Prism” ва “Bourse & Bazaar Foundation” таҳлил марказлари, халқаро стратегик тадқиқотлар институти, “Belgrave Europe” стратегик коммуникациялар агентлиги, “Dentons” юридик фирмаси, Марказий Осиё бўйича Кембридж форуми, “Henry Jacksons Society” жамоат ташкилоти вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, фуқаролик жамиятини қуриш, ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, иқтисодий ривожланиш ҳамда минтақавий ва глобал миқёсда мамлакат ташқи алоқаларини мустаҳкамлаш борасида эришилган ютуқлар муҳокама қилинди.
Эксперт доиралари сўнгги йилларда мамлакатлари минтақалараро сиёсий, иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар ҳамкорликни изчил ривожлантираётган Марказий Осиёда яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишда Ўзбекистон муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Учрашув доирасида иштирокчилар Ўзбекистонда конституциявий ислоҳот ўтказиш мавзусига ҳам тўхталдилар. Янгиланган Конституция Ўзбекистонда асосий миллий устуворликларни ҳисобга олган ҳолда мамлакатни узоқ муддатли ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади, шунингдек, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини оширади, деган фикрлар билдирилди.
Тадбир якунида томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни Буюк Британия жамоатчилиги, эксперт ва ишбилармон доираларига етказиш мақсадида бундай муҳокамаларни мунтазам равишда ўтказиш долзарблигини таъкидлади.