Владимир Норов: Афғонистон яқин келажакда минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлади
Бугун пойтахтимиздаги «Tashkent City» халқаро ишбилармонлик марказининг Конгресс холлида “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги Афғонистон бўйича халқаро конференция ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Форумни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов кириш нутқи билан очди.
Ўзбекитон ТИВ раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч, мустақил ва фаровон давлат сифатида ривожланишидан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
«Афғонистон замини энди минтақа мамлакатлари ва бутун халқаро ҳамжамият учун хавф туғдирмаслиги керак, деди Владимир Норов. Биз, шунингдек, Афғонистон яқин келажакда минтақавий хавфсизликнинг муҳим омили бўлиши, минтақа мамлакатлари, биринчи навбатда, қўшни давлатларнинг миллий манфаатларига бевосита дахлдор бўлиб қолиши ҳақидаги аниқ позицияга амал қиламиз.
-Афғонистонда “Термиз - Мозори Шариф” йўналиши бўйлаб темир йўл қурилиши, “Кобул-Пешовар” ва “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линиялари каби инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича афғон томони билан биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш жуда муҳим, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари. - Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш нафақат Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғловчи кўприкка айлантиришга, балки минтақавий ўзаро боғлиқликнинг умумий жараёнини янада ривожлантиришга ҳамда афғон халқининг фаровонлигига ҳисса қўшишига ишончимиз комил.
-Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларнинг олиб ташланиши афғон иқтисодиётини тиклаш, муҳим инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда бугунги кунда ушбу дўст мамлакат халқи олдида турган ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг асосий омилларидан биридир»,- деди Владимир Норов.