Ўзбекистон - Польша қўшма комиссиясининг видеоконференция алоқаси воситасидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон элчихонаси кўмагида халқаро йўловчи ва юк ташиш бўйича Ўзбекистон-Польша қўшма комиссиясининг видеоконференция воситасидаги навбатдаги йиғилиши ташкил этилди.
Онлайн тадбир чоғида транспорт ва логистика соҳасидаги Ўзбекистон-Польша ўзаро манфаатли ҳамкорлигини янада ривожлантириш, юкларнинг узлуксиз экспорт-импорт ташувини, юк ташишда ўзаро манфаатларни таъминлаш, миллий ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон делегациясига транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов, Польша делегациясига Инфратузилма вазирлиги штат котиби Рафал Вебер бошчилик қилди.
Томонлар жорий йил август ойида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов бошчилигидаги делегациянинг Польшага ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини ҳамда унинг польшалик ҳамкорлар билан транспорт ва юк ташувчи транспорт воситалари учун рухсатнома бланкалари сонини кўпайтириш соҳасида ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари бўйича музокаралари натижаларини кўриб чиқдилар.
Қайд этилишича, «GSP+» кучга кириши билан Ўзбекистондан Европа Иттифоқи мамлакатларига, жумладан, Польшага экспорт етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, Ўзбекистон экспорти кўлами кенгаймоқда. 2022 йил охиригача Ўзбекистондан Польшага экспорт ҳажми 2021 йилга нисбатан 40 миллион долларга ошиб, 130 миллион долларни ташкил этгани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан, авторизация бланкаларини қўшимча алмашишга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ошди.
Тадбир якунида 2022 йил октябрь ойининг иккинчи ярми бўйича 2022 йил учун рухсатномаларнинг якуний квотаси ва 2023 йил учун рухсатномалар сонини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Польша Инфратузилма вазирлиги раҳбариятининг навбатдаги учрашувини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.