Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТнинг инсоний ўлчовлар бўйича конференциясида иштирок этмоқда
Варшавада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) минтақасида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳолатини муҳокама қилишга бағишланган инсоний ўлчовлар бўйича конференция ўз ишини бошлади.
Варшава конференцияси Польшанинг ЕХҲТга жорий раислиги доирасида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кўмагида ташкил этилди.
Икки ҳафталик ялпи сессиялар давомида иштирокчилар ЕХҲТнинг инсоний ўлчов бўйича барча мажбуриятларини, жумладан, демократик институтлар, қонун устуворлиги, бағрикенглик ва камситилмаслик, асосий эркинликлар ва гуманитар масалаларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади.
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, мамлакатимиз делегацияси таркибига Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Марказий сайлов комиссияси, Олий суд, Адвокатлар палатаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилган.
Варшава конференциясининг очилиш маросимида Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, ЕХҲТ ДИИҲБ директори Маттео Мекаччи, ЕХҲТ Бош котиби Ҳельга Мария Шмид ва Эстония собиқ президенти Томас Хендрик Илвес сўзга чиқди.
Конференция очилишида Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев сўзга чиқди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон” шиори остида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.