Польша оммавий ахборот воситаси Ўзбекистонда янги нефть конлари аниқлангани ҳақида мақола эълон қилди
Польшанинг «Eurogospodarka» иқтисодий журналида «Ўзбекистонда яна бир бой кон топилди» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.
Мақолада Ўзбекистон Марказий Осиёда жойлашгани ҳамда минтақа аҳолисининг 45 фоиздан ортиғи мамлакатимизда истиқомат қилиши ҳақида сўз юритилган. Ўзбекистон йирик нефть конларига эга бўлган мамлакатлар қаторига кираётгани, хусусан, сўнгги йилларда очилган конлар 100 миллион тоннадан ортиқ хомашёга эгалиги тахмин қилинаётгани қайд этилган.
Муаллиф Ўзбекистонда ички энергияга бўлган эҳтиёж учун етарли ресурслар мавжудлигини таъкидлаган. Мамлакат энергетика тармоғининг умумий ишлаб чиқариш қуввати 55 миллиард кВт/соатдан ортиқ экани, бу бутун Марказий Осиёдаги талабнинг 50 фоизини тенглиги ҳақида ёзилган.
Нашрда Ўзбекистон олтин, кумуш ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича жаҳон рейтингларида юқори ўринларда қайд этилиши алоҳида таъкидланган. Геология-қидирув ва қазиш ишлари билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилишига эътибор қаратилган. «2019 йилда ушбу мақсадлар учун қарийб 94 миллион доллар ажратилган. Кейинги йилларда бу миқдор доимий равишда ошиб бормоқда. Мамлакатда турли қимматбаҳо фойдали қазилмаларнинг конлари топилган бўлиб, бу Ўзбекистон ҳудудида Менделеев даврий жадвалининг барча элементлари мавжудлигидан далолат беради», деб ёзади Польша журнали.
Маълум қилинишича, ультралептик нефть ва битум конлари Ўзбекистон Энергетика вазирлиги буюртмасига асосан «Sanoat Energetika Guruhi» (SEG) ва «Kontiki-Exploration» компаниялари томонидан 450-700 метр чуқурликда аниқланган. Бугунги кунда улар мамлакатдаги энг йирик конлар ҳисобланади.
Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, максимал йиллик ишлаб чиқариш даражаси 2025 йилда 1 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда”, дейилади мақолада.