Ўзбекистон – Сингапур: Кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги уфқлари
Бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида олий даражадаги тадбирлар – ушбу мамлакат Президенти Ҳалима Яқуб ва Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокаралар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-Сингапур саммитидан аввал Сингапур Президентининг “Истана” саройида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига Фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб Фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда ушбу мамлакатнинг олий мартабали меҳмонлари ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.
Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи - “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.
Ушбу кўркам ва ёйилиб ўсувчи гул Encbi Purple ва Kila Blue орхидеяларининг гибриди ҳисобланади. Узунлиги 45 сантиметр бўлган қат-қат япроқли қўшгуллар, уларнинг ҳар бирида 17 тадан 20 тагача гул ҳосил қилади, ҳар бир гулнинг эни 5 сантиметр атрофида. Оч сиёҳранг барглар ва косачабаргларнинг чети майин бинафшаранг.
Шундан сўнг Президентлар икки томонлама учрашув ўтказдилар.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Таълим соҳасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда Сингапур менеджментни ривожлантириш институти ҳамда Сингапур технологиялар, менеджмент ва коммуникациялар академияси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Икки мамлакатнинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш борасидаги тажрибаси батафсил кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Сингапур халқаро майдонларда минтақавий барқарорлик ва изчил тараққиёт масалаларида бир-бирини англаши ва бу борадаги ташаббусларни илгари суришда ўзаро кўмаклашаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Шавкат Мирзиёев Ҳалима Яқубни ўзига қулай бўлган вақтда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
Сўнг “Истана” қароргоҳида Президентимиз Сингапур Бош вазири Ли Сянь Лун билан музокара ўтказди.
Етакчилар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқдилар, устувор йўналишлардаги алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётганини таъкидладилар.
Жумладан, савдо-иқтисодий соҳада сезиларли натижаларга эришилди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш икки баробарга ошди. Ўзбекистонда Сингапур капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 карра кўпайди. Ушбу мамлакатдан юртимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 700 миллион долларга етган.
Кўплаб соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта захиралар мавжудлиги қайд этилди.
Сингапур – Осиё-Тинч океани минтақасининг иқтисодий маркази. Кўп йиллардан буён ушбу мамлакат электроника, кимё саноати, биотехнологиялар, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлардаги муваффақиятларига таяниб, жаҳондаги энг йирик ва ривожланган иқтисодиётлардан бири бўлиб келмоқда.
Шуларни ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.
Биринчиси – инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш. Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилади.
Иккинчи йўналиш Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилишга қаратилган. Шу маънода, музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва таркибий ўзгартириш, кейинчалик уларни IPOга чиқариш ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун қўшма Инвестиция жамғармасини тузиш таклиф қилинди.
Учинчи устувор йўналиш сифатида илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш белгиланди. Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг “яшил” ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тўртинчиси – шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш. Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди. Ўзбекистонда инфратузилма ва тармоқ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма Лойиҳалаштириш ва инжиринг марказини ташкил этиш бўйича келишув бу борадаги биринчи қадам бўлди.
Ҳамкорликнинг бешинчи йўналиши доирасида инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Олтинчи йўналиш сифатида давлатимиз раҳбари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш зарурлигини қайд этди.
Бундан ташқари, томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Очиқ ва дўстона муҳитда ўтган учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Ли Сянь Лунни ўзига қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди.
Делегациялар раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилди.
Хусусан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий шериклик ҳамда икки мамлакат прокуратуралари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.
Куннинг иккинчи ярмида давлатимиз раҳбари Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюради ва Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Бугуннинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетади.