Ўзбекистон Президенти давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлади.
Икки мамлакат етакчиларининг учрашувлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади.
Олий даражадаги музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларининг кенг доираси ўрин олган.
Ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади.
Саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.