Польшадан нигоҳ: «Ўзбекистон ўз кўзим билан кўрган ва мени қаттиқ ҳаяжонлантирган гўшалардан бирига айланди»
Польшанинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Свидница шаҳри марказида Ўзбекистонга бағишланган очиқ кўргазма ташкил қилинди.
Шаҳар кўчаларидан бири бўйлаб ўрнатилган кўплаб фото панелларда мамлакатимиз шаҳарлари ва меъморий ёдгорликлари тасвирлангани, ўзбек халқи маданияти ва урф-одатлари акс этгани ушбу кўргазманинг ўзига хос жиҳатидир.
Бу фотосуратлар Свидница шаҳри маданият марказининг ходими Александра Барановскаянинг 2022 йил куз фаслида Ўзбекистон бўйлаб оилавий сафари чоғидаги ижодий ишлар самараси ҳисобланади.
Муаллифнинг "Ўзбекистон-Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқталарини ташкил этувчи, Қизилқум чўлининг бепоён қумликлари билан узвий уйғунлашган кўплаб шаҳарлар, ўтмиши мафтункор ноёб мамлакатдир. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида, икки дарё - Амударё ва Сирдарё ўртасида жойлашган. Бу ҳали ҳам дунёнинг барча сайёҳлари томонидан тўла кашф этилмаган Марказий Осиёнинг марварид юрти. Ўзбекистон ўз кўзим билан кўрган ва мени қаттиқ ҳаяжонлантирган гўшалардан бирига айланди», деган фикрлари ёзиб қўйилгани ҳам барча санъат ихлосмандларининг эътиборини ўзига тортмоқда.
Ўзбекистон ҳақидаги ушбу кўча фотокўргазмаси шаҳар аҳли ва меҳмонларини яна бир неча ой давомида мамлакатимиз билан таништиради.