Польша нашрида Ўзбекистон туризм имкониятлари ҳақида мақола чоп этилди
«Польша бозори» журналида «Ўзбекистонни кашф этинг» сарлавҳа остида мақола чоп этилди. Материалда турли маданиятлар уйғунлашган, цивилизациялараро мулоқотни таъминлашда муҳим ўрин тутган Ўзбекистоннинг бугунги кундаги туризм имкониятлари, уни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар келтирилган.
Муаллиф A.Казимерский ўз мақоласида “Ўзбекистон замонавий, дунёвий, демократик мамлакат ва ривожланган сайёҳлик инфратузилмасига эга. Бу ерда туризмнинг турли йўналишлари кенг ривожланаётган бўлса-да, Шарқ диёри тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишиш истагида бўлганлар учун ажойиб маскан сифатида донг таратган. Қадимий тарихий обидалар сони бўйича Ўзбекистон дунёда 9-ўринни эгаллайди. 4 мингдан зиёд қадимий меъморчилик ёдгорликлари орасида ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганлари ҳам талайгина”, деб ёзади.
Мақолада Ўзбекистондаги Қизилқум саҳроси бўйлаб туяда сафар қилиш, Ғарбий Тянь-Шань этагига саёҳат қилиш, Угам-Чотқол миллий боғида чанғи спорти билан шуғулланиш, отда сайр қилиш, экстремал туризм билан машғул бўлиш, Фарғона водийсида велосипедда сайр қилиш имконияти мавжудлиги қайд этилади.
A.Казимерский Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш баробарида юртимизда ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритади. Қабул қилинган махсус концепцияга кўра, туризм маҳсулотларини кенгайтириш ва диверсификация қилиш кўзда тутилгани бўйича маълумотлар келтиради. Бу жараёнда, шунингдек, зиёрат туризми, экотуризм, агротуризм, этно-туризм, савдо-сотиқ, спорт, бизнес ва бошқа сайёҳлик турларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини қайд этади.
Жумладан, мақолада шундай дейилади: “Ўзбекистон туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш учун улкан имкониятларга эга ва тармоқни ривожлантиришга жамият фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида қаралмоқда. Ўз навбатида, польшаликлар ушбу мамлакатга саёҳат қилишга қизиқиш билдирмоқда. Маҳаллий аҳоли билан яқиндан мулоқотга киришиш, улар маданияти ва турмуш тарзи билан танишиш, халқ байрамларида қатнашиш, миллий таомлардан баҳраманд бўлишни истайди. Ўзбекистонда уй-меҳмонхоналар фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бу каби мақсадлар учун қулай имкониятдир. Мамлакатнинг транспорт-коммуникация, транзит имкониятлари минтақа бўйлаб саёҳат учун шароит яратади”.
Мақолада юртимизда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашнинг зарур чоралари кўрилганига эътибор қаратилади.
Шунингдек, А.Казимерский Ўзбекистон Буюк ипак йўли тикланишининг асосий ташаббускорларидан бири экани ҳақидаги хулосага келади. Ушбу сайёҳлик бренди фаол ривожланишда давом этиб, унда иштирок этиш истагидаги минтақа давлатлари сони ортиб бораётгани хабар қилинади.