“101 ватандош изидан” экспедицияси аъзолари Польшада тадбирларда қатнашди
«101 ватандош изидан» лойиҳаси доирасидаги экспедиция аъзолари Польшанинг Гданск шаҳридаги «Биродарлик» қабристонини зиёрат қилди.
Мазкур қабристонга Иккинчи жаҳон урушида вафот этган 4281 нафар совет аскари дафн этилган. Бу ерда 16 та рамзий «Биродарлик» қабртошлари ўрнатилган бўлиб, улар орасида биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов қабртоши ҳам бор.
Экспедиция аъзолари 1945 йил 26 март куни Гданск шаҳрида ҳалок бўлган генерал Собир Раҳимовни хотирасига ҳурмат бажо келтирди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида барпо этилаётган «Ғалаба боғи» учун унинг қабридан тупроқ олди.
Фашизмга қарши курашган ўзбек жангчилари хотирасига бағишлаб Гданск марказий хиёбонида хотира оши ташкил қилинди.
Шунингдек, экспедиция аъзолари 1949 йил Венцборк шаҳрида бунёд этилган «Биродарлик» қабристонини ҳам зиёрат қилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида беш ўғлидан айрилган ўзбек аёли Зулфия Зокированинг тўнғич ўғли - Муҳаммаджон Холматов ҳам шу ерда дафн этилган.
Гуруҳ қатнашчилари Иккинчи жаҳон урушининг машъум белгиларидан бири сифатида эсланадиган Освенцим концлагери ўрнида барпо этилган зиёрат мажмуасида ҳам бўлди.
Мамлакатимизнинг Варшавадаги элчихонасидаги учрашув чоғида Польшада дафн этилган ўзбек жангчиларининг шахсини аниқлаш, ушбу мамлакатда урушга оид маълумотлар йиғиш билан шуғулланадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбатда экспедиция раҳбари Н.Жўраев буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ташкил этилган сафардан мақсад ёшлар онгида ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтириш, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт қадрига етиш тушунчаларини тарбиялашга ҳисса қўшишдан иборат эканини таъкидлади.
Шунингдек, ёшларни Она Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, миллатчилик ва уруш оқибатлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англатиш, миллатлараро тотувликни асраш мақсадида Освенцим тарихига оид китобни ўзбек тилига ўгиришга келишиб олинди.