Ўзбекистон ва Польша иқтисодий муносабатларни ривожлантиради
Онлайн музокаралар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов билан Польша Бош вазири ўринбосари, тараққиёт вазири Я.Эмилевич ўртасида бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида пандемия шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва уни ривожлантиришнинг аниқ босқичлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама савдо ҳажми сезиларли равишда ошди, жумладан, пандемияга қарамасдан унинг ҳажми 2020 йил I чорагида 31 фоизга ортди. Бироқ, ушбу кўрсаткич икки мамлакат мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди.
Мулоқотда сармоявий ҳамкорлик учун имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди ва ушбу масалани идоралараро даражада муҳокама қилишига умид билдирилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Польшанинг "Irimed" компанияси билан ҳамкорликда замонавий Европа кардиология клиникасини қурилиши, Андижон вилоятида Польша «Collegium Humanum» менежмент университети филиалини очилиши, Лодзь шаҳрида (Польша) ўзбек тўқимачилик савдо уйини ташкил этиш каби лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Икки томонлама савдо алоқаларини янада фаоллаштириш ва диверсификация қилиш, шунингдек, Польша сармоядорларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш мақсадида пандемиядан кейин Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.
Онлайн учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон аграр сектори ва инфратузилмасини модернизация қилиш учун имтиёзли кредит ажратиш, польшалик сармоядорлар томонидан қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкор мамлакатда Ўзбекистон савдо уйини очиш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Польша Бош вазири ўринбосари коронавирус инфекциясига қарши курашда ва пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини бартараф этишда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини юқори баҳолади. У мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун бор имкониятини ишга солишини таъкидлади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва уй-жой коммунал хўжалиги инфраструктурасини модернизация қилиш учун Польша ҳукуматининг 50 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредит линиялари ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
– Юқори сифатли, халқаро андозаларга мос келадиган, ишлаб чиқариш ва транспорт харажатлари камайгани сабабли Ўзбекистон матолари Европа билан осон рақобатлаша олади, – деди Й. Эмилевич. – Шу боис Польша Европа Иттифоқи ҳудудида ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилиш бўйича етакчи мамлакат ҳисобланади.
Музокаралар якунида томонлар пандемиядан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Польша ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказишга келишиб олди.
Я.Эмилевич Жаҳон савдо ташкилотига киришда, кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳасини тасдиқлашда, шунингдек, «ГСП +» тизимидан фойда олувчи мамлакат мақомини олишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Томонлар эришилган келишувлар бажарилишини назорат қилиш мақсадида мунтазам равишда, шу жумладан икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари даражасида мулоқотлар олиб боришга келишиб олди.