Чехия Республикаси Бош вазир ўринбосари билан музокаралар бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков видеоконференцалоқа орқали Чехия Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири, транспорт вазири К.Гавличек билан музокаралар ўтказди.
Томонлар сўнгги йилларда икки томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришда сезиларли ютуқларни қайд этиб, инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдилар ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янада қўллаб-қувватлашда ўзаро ниятларини билдирдилар. Юқори қўшимча қийматга эга бўлган юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Чехиянинг илғор технологияларини Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва мавжуд имкониятлар билан бирлаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг устувор соҳалари сифатида қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик тармоқлари, хусусан, нано-тўқимачилик, нотўқима материаллар ва техник тўқимачилик соҳалари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ушбу соҳаларда икки мамлакатнинг тегишли идоралари биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, салоҳиятли шериклар билан ҳамкорликни амалга оширадилар.
Томонлар жорий йилнинг иккинчи ярмида иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Чехия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилишига тайёргарлик кўриш бўйича жадал иш олиб боришга ва унинг доирасида икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтқазишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Чехия Республикаси саноат ва савдо вазирлиги ўртасида икки томонлама иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш тўғрисидаги меморандумни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Чехия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни тайёрлаш ва имзолашни тезлаштиришга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон-Чехия ишчи гуруҳини тузиш тўғрисидаги келишувга эришилди, гуруҳнинг вазифаси ушбу соҳада ўзаро савдо ҳажмини оширишдан иборат бўлади.
«Чехия Экспорт банки», Чехиянинг «Юни Кредит Банк» филиали ва EGAP (Экспорт кафолат-суғурта жамияти) каби ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш, лойиҳалар учун имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш ҳамда молия ва суғурта соҳасида Ўзбекистон мутахассисларнинг малакасини ошириш ва молия-техникавий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилади.
Чехия томони Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига киришда, «GSP+» Европа Иттифоқининг имтиёзлар тизими бенефициар-мамлакати мақомини олишда ва ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолашда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида аниқ инвестиция ва савдо битимларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий ва гуманитар соҳалардаги барча келишувларни амалга оширилишини мониторинг қилиш учун икки мамлакат ташқи иқтисодий идоралари раҳбарлари ўринбосарлари даражасида қўшма ишчи гуруҳини тузишга келишиб олинди.