Пандемия давридаги Ўзбекистон халқи жипслиги польшалик журналист нигоҳида
Польшанинг «SIEWIE.TV - Sieradzkie News Television» телевизион порталида журналист Р.Войтаснинг «Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон дунёнинг кўплаб давлатлари қатори Соvid-19 пандемияси билан боғлиқ вазиятда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда қатор муаммоларга дуч келмоқда.
«Ўзбекистон Президенти ҳозирги шароитда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлат ва бизнес саъй-ҳаракатларини бирлаштирди», деб ёзади польшалик журналист.
Муаллифнинг таъкидлашича, мамлакат раҳбарияти томонидан аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш, саноат корхоналари, қурилиш соҳаси ва инфратузилманинг тўлиқ ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг эҳтиёжманд оилалар ва вақтинча ишсиз қолганларни озиқ-овқат ҳамда зарур дори-дармон билан таъминлаш ишлари кўламини янада кенгайтиришга қаратилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ташаббуси ҳақида сўз юритилган.
Журналист ушбу ташаббус жамоатчилик ва бизнес вакилларининг эътиборини қозониб, тадбиркорлар ўзлари фаолият юритаётган ҳудудларда ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларни беғараз қўллаб-қувватлашаётганини ёзади. Ўз навбатида, давлат ҳам саховатпеша ишбилармонларга солиқ, лизинг, ссудалар ва зарур ресурслардан фойдаланиш учун турли имтиёз ва преференциялар беришини қайд этади.
«Пандемия Ўзбекистонда жамият бирлигининг соғлом намунасини намойиш этиш имконини берди. Мамлакат раҳбарияти «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати мамлакат ва халқи бирдамлигининг ёрқин намунаси бўлишига ишонч билдирмоқда», деб ёзади журналист.
Муаллиф, мақолада мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятга оид статистик маълумотларни муштарийлар эътиборига ҳавола этади. Унинг таъкидлашича, раҳбарият ва ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистонда Соvid-19 дан тузалиш даражаси сезиларли даражада ортиб бормоқда. Дунё эса бўйича бу кўрсаткич юқорилигича қолмоқда. Мамлакатда вирусдан ўлим даражаси ҳам жаҳон кўрсаткичларига нисбатан анча паст.