“Бошқа қайғу бўлмайди” – «Bukharian Times»да мақола чоп этилди
АҚШда нашр этиладиган «Bukharian Times» газетасида Ўзбекистонда содир бўлган табиий офатларга бағишланган «Бошқа қайғу бўлмайди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Газета бош муҳаррири Р.Некталов қаламига мансуб мақолада Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий офатлар ҳақида батафсил маълумот берилган. Шунингдек, муаллиф Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон халқи ушбу қийинчиликларни енгиб ўтишига ишонишини таъкидлайди.
– Ўзбекистонда коронавирус пандемияси оқибатларига қарши муваффақиятли кураш олиб борилиши ва барча хизматларнинг санитария-эпидемиология стандартларига мувофиқ ташкил этилиши натижасида юз минглаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Шу кунларда Америкадаги ватандошларимиз ҳам табиий офат оқибатларини бошдан кечирган Сирдарё аҳлини биргаликда қўллаб-қувватлашлари керак, – деб ёзади журналист.
«Bukharian Times» газетаси бош муҳаррири Р.Некталов «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида мақола нашр этилгандан сўнг бир қатор ўзбекистонлик танишлари унга қўнғироқ қилишганини ва ўзбек халқи учун жуда қийин бўлган даврда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик сўзларини изҳор қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонни ватан деб билувчи Америка фуқаролари содир бўлган воқеадан қайғуда эканини ва Сирдарё аҳлига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.