Буюк Британия ТИВ раҳбари ўринбосари билан суҳбат тўғрисида
2020 йил 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Буюк Британия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва Халқаро тараққиёт вазири Венди Мортон билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар икки мамлакат тиббиёт ходимлари ўртасида коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш учун мунтазам алоқалар ўрнатилишини мамнуният билан қайд этдилар.
Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот ва ҳар томонлама ҳамкорлик фаоллашгани, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлангани, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланаётганини мамнуният билан қайд этилди.
Эпидемиологик вазият яхшиланганидан сўнг олий ва юқори даражадаги учрашувларни ташкил этишдан томонлар манфаатдорлиги тасдиқланди, бу эса Ўзбекистон-Буюк Британия ҳамкорлигининг ҳар томонлама ривожланишига кучли туртки бериши қайд этилди.
Венди Мортон Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлигининг (DFID) Ўзбекистондаги фаолиятини бевосита амалга ошириш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва республиканинг иқтисодий ўсишини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режаси тўғрисида маълумот берди.
Вазир DFIDнинг Марказий Осиёда минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларини амалга оширишдаги иштирокини юқори баҳолади. Шу ўринда DFIDнинг минтақавий кооперация лойиҳаларида, хусусан, транспорт, савдо ва рақамли технологиялар соҳасида, шунингдек, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари хусусий ва давлат секторлари учун кадрлар тайёрлаш соҳасидаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Видеоконференцалоқа давомида Савдо ва инвестиция бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш, уни Савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия даражасига кўтариш таклифларини кўриб чиқдилар.
Музокараларда умумий кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.