Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг савдо (иқтисодиёт) вазирлари ва божхона органлари раҳбарлари ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 6 май куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг иқтисодиёт, савдо вазирлари ва божхона органлари раҳбарлари ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Туркий Кенгаш бош котиби Б.Амреев, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазири М.Жаббаров ва Озарбайжон Республикаси Божхона қўмитаси раиси С.Мехдиев, Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири Р.Даленов, Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги қошидаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси М.Султангазиев, Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт вазири С.Муканбетов ва Қирғизистон Давлат божхона ҳизматлари қўмитаси раиси А.Торутаев, Туркия Республикаси Савдо вазири Р.Пекжан, Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазири П.Сийярто ва Венгрия Божхона, миллий солиқ ва божхона маъмурияти бош директори К.Бакай иштирок этишди. Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Давлат божхона қўмитасининг раиси М.Азимов иштирок этишди..
Йиғилиш иштирокчилари “COVID-19” пандемияси оқибатида юзага келган чекловлар доирасида Туркий Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилдилар.
Иштирокчилар 2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган Туркий Кенгашнинг навбатдан ташқари видео-саммитида Давлат Раҳбарлари томонидан муҳокама қилинган пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатларига қарши ҳар томонлама курашиш бўйича чора-тадбирларги амалга ошириш юзасидан тажриба алмашдилар.
Шунингдек, Туркий Кенгашга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга “COVID-19” пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича “Ҳаракатлар режасини” тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди. Туркий Кенгашга аъзо давлатлар бизнес ҳамжамияти ўртасидаги ҳамкорликнинг қўшимча механизми сифатида бирлашган “Туркий Кенгаш қошидаги бирлашган инвестиция фонди”ни ташкил этишни тезлаштириш ва Туркий савдо-саноат палатаси фаолиятини янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Электрон тижоратни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда рақамли иқтисодиёт соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш, Туркий Кенгашга аъзо ва кузатувчи давлатлар учун инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича махсус дастур ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминоти бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, асосий истеъмол ва дори-дармон маҳсулотларига нисбатан божхона тўсиқларини бартараф этиш ва экспорт тарифларини камайтириш механизмларини ишлаб чиқиш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ўзаро савдода миллий валютадан фойдаланиш улушини ошириш ва “Баку-Тбилиси-Карс” темир йўлидан самарали фойдаланишни таъминлаш ташаббуслари муҳокама қилинди.
Туркий Кенгаш шафелигида қўшма саноат зоналари, технопарклар ва савдо уйларини ташкил этиш ғоялари, шунингдек Венгрия томонининг Европа Иттифоқи билан сармоявий ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режасини қабул қилиш ғояси бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Юк транспортларининг трансчегаравий ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш ва ушбу соҳада юзага келган масалаларни тезкор равишда ҳал қилиш бўйича алгоритмларни шакллантириш тўғрисида келишувга эришилди. Шунингдек, томонлар пандемия даврида ҳамкорликни кучайтириш, ахборот ва тажриба алмашиш учун қўшимча воситаларни жорий этиш бўйича таклифлар илгари сурдилар.
Учрашув якунида, эришилган келишувлар ва қабул қилинган қарорлар, шунингдек, савдо-иқтисодий алоқалар даражасини ошириш ва пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатларини юмшатиш бўйича кўриб чиқилган чора-тадбирлар ҳозирда Туркий Кенгаш котибияти томонидан ишлаб чиқилиши кўтилган “Туркий қараш 2025” стратегик режасида ўз аксини топиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилишди.