Ўзбекистон ва БАА кўп қиралли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Жорий йилнинг 7 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С. Умурзаков ва Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид Ал-Нахайён ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида анъанавий ва муқобил энергетика, нефть-газ саноати, молиявий, техник, маданий - гуманитар ҳамкорлик соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Томонлар коронавирус пандемияси оқибатида иқтисодий фаолликнинг глобал секинлашгани ва вақт чекловларига қарамасдан мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этди.
Қайд этилишича, ҳар икки томоннинг ҳамжиҳатликда иш олиб бориши туфайли жорий йилнинг май-июнь ойларида энергетика соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича муҳим ҳуқуқий келишувлар имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон томони COVID-19 га қарши курашда гуманитар ёрдам кўрсатилаётгани учун БАА ҳукуматига миннатдорчилик билдирди - жорий йилнинг март ойида Ўзбекистонга гуманитар юклар, шу жумладан, ниқоблар, комбинезон, қўлқоп ва бошқа ҳимоя воситалари, шунингдек коронавирус тарқалишига қарши курашиш учун мўлжалланган тиббий ускуналар жўнатилди.
Музокаралар натижасида қўшма инвестиция лойиҳаларини фаол равишда амалга ошириш ва ҳар икки томон саъй-ҳаракатлари билан уларнинг олдиндан белгиланган муддатларда сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича келишувларга эришилди.