Ўзбекистон ва Бангладеш кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Жорий йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С. Умурзаков видеоконференция орқали Бангладеш Халқ Республикаси Бош вазирининг инвестициялар, саноат ва хусусий сектор бўйича маслаҳатчиси С. Раҳмон, БҲР савдо вазири Т. Мунши ва БҲР тўқимачилик вазири Г. Гази билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот давомида томонлар ўртасида инвестиция соҳасида, асосан тўқимачилик ва фармацевтика саноатида ҳамкорликнинг муҳим истиқболлари белгилаб олинди. Қўшма тўқимачилик кластерларини яратиш, шунингдек, Бангладешнинг етакчи мутахассисларини Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича маслаҳатчилар сифатида жалб этиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Айни пайтда, шунингдек фармацевтика тармоғида саноат кооперацияси учун катта имкониятлар мавжуд - бу йўналишда Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва Бангладеш фармацевтика саноати уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланади.
Икки мамлакат бозорларига етказиб берилаётган юқори талабга эга қишлоқ хўжалиги, кимё ва электротехника тармоқларидаги товар номенклатурасини янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Уларнинг етказиб берилишини ошириш чораларини кўриш ўзаро савдо айланмаси ҳажмини янги поғонага олиб чиқиш имкониятини беради.
Томонлар бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, шу жумладан, икки томонлама солиқ солинишини олдини олиш тўғрисидаги ва ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги Битимларни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
Маданий ва гуманитар соҳасидаги хамкорликка алоҳида эътибор қаратилди – Самарқанддаги «Ипак ўйли» халқаро туризм университети ва Даккадаги «Жаҳонгир Нагар» университети ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, туризм соҳасида, жумладан «Умра +» зиёрат дастури доирасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳамда Ўзбекистон ва Бангладеш маданият ва санъат фестивалларини икки мамлакатда ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Кун тартиби доирасида пандемияга қарши чора-тадбирлар масалалари ва мамлакатларнинг инвестицион ва савдо салоҳиятини амалга оширишга салбий таъсир этувчи оқибатларни камайтириш мақсадида қабул қилинаётган чоралар алоҳида кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида савдо, инвестиция ва транспорт соҳаларида белгиланган йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини мувофиқлаштириш мақсадида икки мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар идоралари раҳбарларининг ўринбосарлари даражасида қўшма ишчи гуруҳни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги