Ялпи мажлис ўз ишини бошлади
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб бормоқда.
Унда кун тартибига киритилган 20 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Хусусан, “Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги, “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги, “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги янги қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар кўриб чиқилади.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.
Ялпи мажлисда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг, қолаверса, Омбудсман, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилади.
Шунингдек, ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилинишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юбориш масаласи киритилган.
Ялпи мажлисида кун тартибидаги бошқа қатор масалалар кўриб чиқилади.
Кўриб чиқиладиган масалаларни парламент юқори палатасининг расмий бев-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Ўзбекистон 24” ва “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда кузатиб боришингиз мумкин.