“Сардоба”: маълумотлар янги рақамларда
Сирдарё вилоятида тошқиндан зарар кўрган ҳудудлар жонланмоқда. Ҳукумат комиссияси томонидан кўрилаётган тезкор чоралар натижасида вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида эзгу ва савобли ишлар ижобий бўй кўрсатмоқда.
Айни дамда “Сардоба сув омбори” билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазяитларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимининг куч ва воситалари томонидан ишлар жадал олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоизки, ҳудудларни сув тошқинидан ҳосил бўлган лой ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, йўл жиҳозларини қайта тиклаш учун қурилиш соҳасидан 175 техника ҳамда 416 нафар йўлсоз жалб қилинган ҳолда 23561 қум шағал аралашмаси билан йўл асоси тикланмоқда Шунингдек, жами 24 кўприкда диагностика ишлари амалга оширилиб, таҳлил натижаларини олиш учун лабораторияга тақдим этилди.
Сув тошқини оиқибатида зарар кўрган электр, газ ва сув тармоқлари қайта тикланмоқда.
Таъмирлаш ва тиклаш ишлари учун 51 таъмирлаш бригадасидан 300 яқин малакали соҳа ходимлари, 32 махсус ва 60 хизмат автомашинаси жалб қилинди.
Тадбир бошидан 2 подстанция, 78 трансформатор пункти ва 254,1 км электр узатиш тармоқлари, 4 619 электр устунларини таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилиб, ишга туширилди.
Натижада 7 987 электр таъминоти узилган аҳоли хонадонларидан 7 388 таси тўлиқ электр энергия билан таъминланди.
Шунингдек, талофат кўрган 12 аҳоли пунктидан 10 таси тўлиқ барқарор электр энергияси билан таъминланди. Электр тармоқларини тиклаш ва таъмирлаш ишлари давом этмоқда.
Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 11 аҳоли пунктида 66 км газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси ҳамда 7 550 дона маиший газ баллонларига зарар етган. Бунинг оқибатларини бартараф этиш учун 50 нафар ходим ва мутахассис, 45 та автотранспорт воситаси жалб қилинган.
Бундан ташқари, ҳудудларни сувдан тозалаш мақсадида, 83 та сув тортиш насоси харид қилиниб, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига топширилган. 19 та аҳоли пунктига доимий равишда 37 та махсус сув ташиш машинаси орқали ичимлик сувини етказиб бериш йўлга қўйилган.
Оқолтин тумани “Саховат” маҳалласидаги 2 дона оқава сув иншоотининг 3 дона насоси таъмирланиб, жойига ўрнатилди. Ҳудудда оқава сув тизими ишламоқда. Тошқин оқибатларини барбараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги