Bertelsmann Stiftung’s Transformation Index 2020 йил ҳисоботида Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилади
Берьтелсманн Стифтунг (Bertelsmann Stiftung) ташкилоти жорий йил май ойининг илк ҳафтасида Трансформация индексининг 2020 йил учун ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси индекснинг бир қатор кўрсаткичлари бўйича сезиларли даражада ўсишни қайд этиб, 2018 йилги натижаларга нисбатан ўз ўрнини бир неча поғоналарга юқорилашга эришди. Жумладан, асосий ютуқлар сифатида “Бошқарув индекси”нинг 2018 йилги натижага нисбатан 9 поғонага юқорилагани, ўз навбатида “Статус индекси”нинг ўртача 1 поғонага юқорилагани қайд этиб ўтилди.
Изоҳ: Трансформация индексининг 2018 йил учун ҳисоботида жами 129 та мамлакат, 2020 йил учун ҳисоботида жами 137 та мамлакат қамраб олинган.
Энг катта ўсиш “Бошқарув индекси” таркибидаги “Халқаро алоқалар” индикаторида қайд этилиб, 2018 йилги 3.3 баллдан 5.3 баллга юқорилаган. Бу борада Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида кўп хориж агентликлари, расмийлар, экспертлар томонидан мамлакатимизга бўлган “ишончи”нинг янада ортиб бораётгани, қўшничилик алоқаларининг ҳар жабҳада янада мустаҳкамланаётганлиги, мамлакатимизнинг инвестиция муҳити тубдан яхшилаганлиги, халқаро савдо, пул-кредит, солиқ ва бошқа тизимларидаги кенг кўламли ислоҳотлар юртимизнинг хориждаги ўз имиджини қайтадан шакллантиришга хизмат қилмоқда.
“Президент Ш.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган мисли кўрилмаган ислоҳотлар нафақат мамлакатда балки минтақада ҳам сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлардан янги муҳит яратмоқда” -мутахассислар томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, “Сиёсий трансформация” индикаторида 2018 йилда 129 та мамлакат орасидан 3.17 балл билан 115 ўринни эгаллаган бўлсак, 2020 йил ҳисоботга кўра 137 та мамлакат орасида 3.63 баллга юқорилаб, 105 ўринни қайд этдик. Жумладан, экспертлар томонидан “Қонун устуворлиги”, “Демократик институтларнинг барқарорлиги”, “Сиёсий ва ижтимоий интеграция” ҳамда “Сиёсий иштирок” суб-индикаторларида сезиларли даражада яхшиланишга эришилгани эътироф этилди. Мазкур ижобий ўзгаришлар фонида юртимизда қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизимларида сўнги йилларда эришилган ютуқлар, жойларда парламент назоратининг жорий этилиши, коррупцияга қарши курашишда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумот учун: Бертелсманн Стифтунг ташкилоти ҳар икки йилда бир маротаба ривожланаётган ва ўтиш даври мамлакатларидаги демократия, бозор иқтисодиёти ва сиёсий бошқарув сифатини қонун устуворлиги ҳамда бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган халқ ҳокимиятчилиги йўлидаги ютуқлар ва муваффақияцизликларни таҳлил қилиш орқали баҳолайди. Индекс асосан эксперт сўровномалари асосида жамланган маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқилади.