Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раислигида Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро савдонинг умум қабул қилинган меъёрлари ва қоидалари, жумладан, ЖСТ битимларини ҳисобга олган ҳолда ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усулларидан фойдаланишни назарда тутувчи "Йўл харитаси" кўриб чиқилди.
Ушбу чора-тадбирлар акциз сиёсатидаги ўзгаришларнинг иқтисодиётнинг айрим тармоқларига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган. “Йўл харитаси”да кўзда тутилган чора-тадбирлар Ўзбекистон томонидан халқаро шартномалар доирасида қабул қилинган мажбуриятларни бажарилишини таъминлашга йўналтирилган.
Шунингдек, ички ва ташқи бозорлардаги мавжуд вазиятни таҳлил қилиш асосида вазифаси муайян тоифадаги товарлар билан савдо қилишда божхона имтиёзларини оптималлаштириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.
Бундан ташқари, йиғилиш давомида Кенгаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишларнинг танқидий таҳлили амалга оширилди, натижада ушбу органнинг самарадорлигини ошириш, бозор жараёнлари динамикасига тезкор жавоб бериш ҳамда ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш соҳасида тегишли чораларни ўз вақтида қабул қилишга қаратилган аниқ қарорлар қабул қилинди.
Маълумот учун: Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4135-сонли "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" ги қарорига биноан ташкил этилган.
Кенгашнинг асосий вазифалари:
- божхона божлари ставкаларини белгилаш ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда нотариф тартибга солиш чора-тадбирларини қўллаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда таклифларни ишлаб чиқиш;
- ички ва ташқи бозорларда юзага келаётган вазиятдан келиб чиқиб тариф ва нотариф тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, божхона тўловлари бўйича амалдаги имтиёзлар тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантиришда иштирок этиш;
- Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси ва товарларни таснифлаш қоидаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги