Шавкат Мирзиёев: Эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда карантин талабларини юмшатишни давом эттирамиз
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан 13 май куни видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида дунёда пандемия ҳали давом этаётгани, лекин қатор давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшата бошлаганини қайд этди.
– Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганмиз ва буни босқичма-босқич давом эттирамиз.
Буни, энг аввало, иқтисодий фаолликни тиклаш орқали, аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш мақсадида амалга оширмоқдамиз.
Бу борада ўзимиздаги ҳақиқий аҳвол ва халқаро тажрибани кенг ўрганяпмиз. Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб, иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда яхши натижа бермоқда.
Лекин баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.
Умуман, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса маска тақиш одатий қоидага айланиши зарур.
Бир ҳақиқатни барчамиз аниқ тушуниб олишимиз шарт: пандемия шароитида биз жорий этган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ, – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда пандемияга қарши курашиш ҳамда карантин шароитида аҳоли ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Бу мақсадларга Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, иқтисодий фаолликни таъминлаш учун умумий қиймати 1 триллион сўмдан зиёд бўлган янги инвестиция лойиҳалари бошлаб юборилди.
Бундан ташқари, 87 мингта тадбиркорлик субъектининг жами 18 триллион сўм, қарийб 2 миллион фуқаромизнинг 5 триллион сўмдан зиёд банк кредитларини қайтариш муддати узайтирилди.
Ўтган ойнинг ўзида 250 мингта тадбиркор ва корхона, 83 мингта фермер хўжалигининг жами 400 миллиард сўмлик солиқ ва бошқа тўловларини тўлаш муддати кечиктирилди. Давлат мулкидан фойдаланаётган 11 мингдан ортиқ тадбиркор ижара тўловидан озод бўлди.
Эҳтиёт чоралари таъминланган ҳолда, карантин даврида ишламаган 14 мингта саноат корхонасидан ҳозирги кунда 10 мингтаси ўз фаолиятини қайтадан бошлади. Уларнинг 178 минг ходими ўз иш жойига қайтди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ҳозирги кунда ишламай турган 4 мингта саноат корхонаси муаммоларини бирма-бир ўрганиб, уларнинг фаолиятини май ойи охиригача йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Президентимиз пандемия шароитида аввалги берилган имтиёзларга қўшимча равишда тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини таъкидлади.
Биринчидан, кичик бизнес ва фермер хўжаликларига ижтимоий солиқ ставкаси май-июль ойларида 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Бунинг натижасида 260 мингдан зиёд корхона ва фермер хўжаликлари жами 650 миллиард сўм маблағларни тежаган ҳолда, уларни сармоя ва айланма маблағ сифатида ишлатиш имконига эга бўлади.
Иккинчидан, кичик бизнес вакиллари, якка тартибдаги тадбиркорлар келгуси уч ой давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади. Бунинг ҳисобига 50 мингдан ортиқ тадбиркор 300 миллиард сўмни тежайди ва уларнинг айланма маблағи кўпаяди.
Шунингдек, аввалги қарорга асосан, апрель-май ойларида 1 мингдан зиёд тадбиркорнинг ер ва мол-мулк солиқлари ва пенялари бўйича кечиктирилган 80 миллиард сўм тўловлари кечиб юборилади.
Учинчидан, тадбиркорларга божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилади. Бу уларга жами 540 миллиард сўмни тежаш ҳамда ушбу маблағларни ўз бизнесини ривожлантиришга йўналтириш имконини беради.
Тўртинчидан, эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида нафақа олувчи оилалар сони қўшимча 70 мингтага ёки 10 фоизга кўпайтирилиб, бюджетдан яна 200 миллиард сўм ажратилади.
Бешинчидан, илгари ставкаси 22 фоизгача бўлган инвестиция кредитлари бўйича фоизлар қисман давлат томонидан қоплаб берилган бўлса, энди ставкаси 26 фоизгача бўлган кредитларнинг фоизлари ҳам қисман қоплаб берилади.
Шунингдек, тадбиркорларга айланма маблағларини тўлдириш учун 500 миллиард сўмгача (илгари 10 миллиард сўмгача) берилган кредитлар бўйича компенсация миқдори 5 фоиздан 10 фоизга оширилади.
Олтинчидан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида жорий қилинган аҳолига якка тартибда уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун кредит бериш тажрибаси Тошкент шаҳрида ҳам татбиқ этилади. Шу орқали пойтахтда қарийб 10 мингта мавсумий иш ўринлари яратилади.
Еттинчидан, маҳаллий корхоналарнинг маҳсулотига нисбатан ички талабни ошириш ва шу орқали уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат ташкилотларига III-IV чоракдаги харидларини II чоракда амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
Умуман, иқтисодиётни ва фуқароларни янада қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Йиғилишда юртимиздаги эпидемиологик вазият ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг таклифларидан келиб чиқиб, карантин талабларини янада юмшатиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.
Республика комиссиясига пандемия қайта кучайган тақдирда вазирлик ва идоралар бажариши лозим бўлган бирламчи вазифалар белгиланган тартибни тасдиқлаш топшириғи берилди.
Олис ҳудудларнинг пойтахтимиз билан транспорт алоқасини тиклаш жуда долзарб масала бўлиб турибди. Шу боис Тошкент шаҳридан Нукус, Урганч, Термиз шаҳарларига авиақатновларни тиклаш, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига поезд қатновини қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, шаҳарлар ичида шахсий автомобиллар ҳаракати бўйича чекловларни бекор қилиш масаласи ўрганилмоқда. Транспорт, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига булар бўйича Республика комиссиясига таклиф киритиш вазифаси қўйилди.
Маълумки, касаллик юқиши хавфидан келиб чиқиб, тўловлар нақдсиз шаклга ўтказилган эди. Аҳоли, айниқса, пенсионерларнинг мурожаатларини ҳисобга олиб, иш ҳақи, нафақа ва пенсиялар, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда, нақд пулда тарқатилиши белгиланди.
Тошкент шаҳри туманларида муносиб иш жойлари ташкил этиш, уй-жойлар қурилишини кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Видеоселектор йиғилишида карантин чораларини юмшатиш, иқтисодиёт корхоналарини қайта тиклаш борасидаги ишлар бу сафар Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари мисолида кўриб чиқилди.
Мазкур икки вилоятда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 20 фоизи истиқомат қилади, саноат маҳсулотларининг 11 фоизи ишлаб чиқарилади.
Сўнгги икки ҳафтада карантин талаблари юмшатилиши натижасида Қашқадарё вилоятида 90 фоиз, Самарқанд вилоятида 60 фоиз корхоналар ўз фаолиятини тиклади. Лекин аҳолини даромад билан таъминлаш учун бу етарли эмас.
Камбағал оилалар сони Қашқадарёда 91 мингта, Самарқандда эса 48 мингтани ташкил этади. Бу вилоятларнинг ҳар бирида юз мингдан ортиқ ишсизлар бор.
Давлатимиз раҳбари қийинчиликка дуч келаётган оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш ҳудуд раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Қашқадарё вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизи республикага бўйсунадиган корхоналарга тўғри келади. Касби, Қамаши, Миришкор, Нишон ва Чироқчи туманларида саноат деярли йўқ.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига вилоят ҳокимлиги билан биргаликда мазкур туманларда саноатни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Вилоятда етиштириладиган пахта толасининг атиги 42 фоизи қайта ишланиши қайд этилиб, янги тикув-трикотаж корхоналари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, олтингугурт, марганец, ферро-силиций, гипс, доломит ва бошқа хомашё захираларидан талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳри аҳолиси 600 мингдан ошди. Ҳозирги уй-жой салоҳияти ва инфратузилма эҳтиёжни қондира олмайди. Шу боис шаҳарни Пастдарғом, Нуробод, Самарқанд туманлари томон кенгайтириш, янги мавзелар, “йўлдош шаҳарлар” барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу йўналиш вилоят учун яна бир ўсиш нуқтаси бўлади, минглаб иш ўринлари яратилади.
Самарқанд вилоятида 120 та норуда конлар мавжуд бўлиб, улардан 33 таси саноат йўли билан ўзлаштиришга жалб қилинмаган. Мисол учун, 5,1 миллион куб метр керамзит ва пардозбоп тошлар, 200 минг тонна ферро-силицийни саноат усулида қайта ишлаш имконияти бор.
Мутасаддиларга мавжуд конларнинг муҳандислик инфратузилма таъминотини ўрганиб, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Саноати орқада бўлган туманларни ривожлантириш, “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Нуробод туманидаги қисмини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Вилоятдаги тўқимачилик корхоналари 37 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Лекин ҳозирда уларнинг атиги 48 фоизидан фойдаланилмоқда, холос.
Шу боис, тўқимачилик саноати қувватларининг ишлаш даражасини ошириш, вилоятдаги 2 та пахта-тўқимачилик кластерида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўтган йиғилишдаги топшириққа мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳунармандчиликнинг муайян йўналишларига ихтисослашган 217 та эски қишлоқ тарихи, маҳаллий аҳолининг азалдан шаклланган кўникмалари ва “ўсиш нуқталари” ўрганилди. Бу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам бошлаб, аҳоли бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Каттақўрғон ва Нуробод туманларидаги 1 минг 200 гектар лалми ва яйлов ерларни Каттақўрғон шаҳри аҳолисига фойдаланишга бериб, 5 минг кишини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар моҳиятига ҳам тўхталиб ўтди.
12 май куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан Бош вазирга янги вазифалар юклатилди, унинг ўринбосарлари ўртасида ҳам вазифалар қайта тақсимланди.
Ижтимоий соҳанинг аҳамияти ортиб бораётгани боис Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Бу лавозимга шу кунгача Давлат солиқ қўмитаси раиси вазифасида ишлаб келган Бекзод Мусаев тайинланди.
Давлат солиқ қўмитаси раҳбарлигига Президентнинг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Қудбиев тайинлангани маълум қилинди.
Йиғилишда Самарқанд ва Қашқадарё вилояти ҳокимлари, бошқа ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари белгиланган вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан ҳисобот берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти