Солиқ тушумлари барқарорлашмоқда
Ер юзига чанг солган коронавирус инфекцияси мамлакатимизда кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий этилган карантин даврида Сурхондарё вилоятидаги 9 минг 685 та хусусий корхона ва 11 минг 854 та якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилган эди.
Бу давлат бюджетига 1 ойда ўртача 25-30 миллиард сўм солиқ тўловлари тушмай қолишига олиб келди.
Юртимизда коронавирус инфекцияси аниқланган кундан бошлаб карантин қоидалари, ўзини яккалаш тартиби жорий этилиб, унга қатьий риоя қилингани синовли кунларни тезроқ енгиб ўтишда муҳим омил бўлаётир. Бу жараёнда карантин қоидалари босқичма-босқич юмшатилиб, иқтисодий ҳаётни фаоллаштиришга эьтибор кучайтирилмоқда. Қисқа вақтда жанубдаги вилоятда иши вақтинча тўхтатилган 6 минг 458 корхона ва 3 минг 785 та якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини қайта тиклагани ҳам бунга яққол далилдир.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматидан маьлум қилишларича, корхоналар фаолиятининг қайта тиклангани мазкур субьектларнинг карантин даврида уйда қолган 37 минг 901 ишчиси ва 3 минг 785 якка тартибдаги тадбиркорни ўз ишига қайтариш имкониятини юзага келтирди. Бу давлат бюджети тушумининг барқарорлигини таьминлашга ижобий таъсир этди.
–Жорий этилган карантин чекловлари сабабли фаолиятимизни вақтинчалик тўхтатиб қўйгандик, – дейди Термиз шаҳрилик якка тартибдаги тадбиркор Фарангиз Равшанова.
– Карантин чекловлари юмшатилиши билан ишимизни яна бошлашимизга рухсат берилди. Эътиборли томони Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги фармонига кўра, ишламаган кунларимиз учун қатъий белгиланган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоблаш тўхтатилди ва биздан солиқ тўловлари ундирилмади. Бу имтиёз биз учун айни муддао бўлди.
Президентимиз томонидан ўтказган видеоселектр йиғилишда карантин тақиқларини ҳар бир вилоятдаги ҳолатни эьтиборга олиб, аста-секин юмшатиб бориш юзасидан берилган топшириққа мувофиқ вилоятда яна 2 минг 372 та юридик шахслар ва 2 минг 459 та якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолияти Кенгаш қарорларига асосан тикланмоқда. Бу яна корхоналарнинг 8 минг 160 ишчиси ҳамда 2 минг 459 якка тартибдаги тадбиркорнинг меҳнат фаолиятини давом эттиришига қулай муҳит яратиб, бюджетга қўшимча 6 миллиард 335 миллион сўм солиқ тушумини таьминлайди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА
Манба: ЎзА