РАСМИЙ БАЁНОТ: 522 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекцияси юқтирган фуқаролар сони 2691 нафарга етди. Уларнинг 2158 нафари, яъни 80 фоиздан ортиғи тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 522 бемордан 8 нафарининг аҳволи оғир. 48 мингдан кўпроқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Охирги бир кунда 15 мингдан, касаллик қайд этилган кундан бугунга қадар эса 474 мингдан кўпроқ ҳолатда лаборатория текширувлари ўтказилди.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Унга риоя этиш ҳар биримизнинг вазифамиз саналади. Узоқ хорижий ва яқин қўшни давлатлардаги эпидемик вазиятнинг мураккаблашиб бораётгани барчамизга сабоқ бўлиши керак!
Манба: ЎзА