Сардоба: Улуғ халқ қудрати жўш урган замон
Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатларини бартараф этишда Жиззах вилоятидан 20 та қурувчи ташкилот таркибида 600 нафарга яқин пайвандчи, ғишт терувчи, бўёқчи, дурадгор ва бошқа қурилиш усталари иштирок этаётир. Улар Мирзаобод туманидаги 112 турар жойни қайта тикламоқда.
БугунСардоба тошқинидан жабр кўрган ҳудудларига бутун мамлакатимиздан келаётган кўмак, бу ерда олиб борилаётган ишлар, катта ёшдаги кишиларнинг хотирасида олис 1966 йилнинг 26 апрелидаги зилзиладан сўнг Тошкент шаҳри тикланишини қайта жонлантириши аниқ. Мадҳиямизда куйланганидек, “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, оламни маҳлиё айлаган диёр”нинг ҳаётдаги манзарасини бугун айнан шу ерда кўриш мумкин.
Бу ўхшатиш эмас, айнан ўхшашлик. Халқ деб аталмиш буюк халқатнинг ўз қудратини тарихдаги катта синовлар даврида намойиш этишига янги бир мисол. Бу қудратнинг тимсолида халққа доҳил бўлган аҳиллик, матонат, жасорат, қаҳрамонлик,меҳр, мурувват, саҳоват каби сифатлар намоён бўлаётир.Бугун Президентимизнинг даъвати билан бу ерда мамлакатимизнинг барча жойларидан келган одамларнинг жуда катта кўтаринкилик билан қилаётган меҳнатларида айнан шу ҳақиқат акс этмоқда.
Мирзаобод туманидаги Ҳақиқат маҳалласида жойлашган Жиззах вилоятининг“Кўмак штаби“қурувчилар фаолиятини мувофиқлаштириб бораётир. Штаб маълумотларига кўра,тиклаш ишлари олиб борилаётган ушбу маҳаллада 500 га яқин турар-жойда салкам 3 минг аҳоли истиқомат қилиб келган. Тошқин оқибатидатурар-жой биноларининг аксарияти зарар кўрган.
Чумолининг ҳам уйи бузилмас, деган халқ ҳикмати бежиз айтилмаган. Одамлар оталаридан қолган ёки ўзлари умрбод бунёд этган уйларидан айрилиши эса жуда катта йўқотиш.
– Президентимиз офатнинг биринчи соатларида етиб келиб,ҳар бир одам давлат ҳимоясида эканлигини айтиши ва бу ғамхўрлик амалда ўз исботини топиши бошимизга тушган оғир кулфатни енгишимизга руҳий куч бағишлади,– дейди меҳнат фахрийси Хайриддин Бўстонов.– Давлатимиз томонидан жабрланганларнинг ҳар бирига 40 миллион сўмдан кўмак берилиши, янги уй билан таъминланиши кафолатлангани, оғир кунларда халқимиз ёрдам қўлини чўзаётгани эртанги кунимизга, фарзандларимиз келажагига умидимизни сўндирмади. Бугун янги уйлар қурилиб, фойдаланишга яроқли бинолар тиклаш ишларининг катта суръатлар билан бораётганидан биз ёлғиз эмаслигимизни, давлатимизнинг ҳимоясида эканлигимизни,халқимиз биз билан бирга эканлигини юракдан ҳис этаётирмиз.
Жиззахлик қурувчилар томонидан тошқин оқибатларини бартараф этиш ишлари, яроқсиз ҳолатга келиб қолган инфратузилма объектларини қайта тиклаш,уйларни таъмирлаш ва қурилиш ишларига тайёрлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тошқин оқибатида ҳосил бўлган кўлмак сувларни, лой ва бошқа чиқиндиларни тозалаш, йўл, коммуникация тизимларини таъмирлашда қурувчилардан ташқари фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, Миллий гвардия тизимларининг шахсий таркиблари,куч ва воситалари томонидан катта ҳажмда ишлар бажарилаётир.
Ҳозирга қадар жиззахлик қурувчилар ўзларига ажратилган112 та уй-жойнинг 95 фоизида том қисмини қайта қуриш, 65 фоизида дераза-ромларни янгисига алмаштиришга тайёр ҳолга келтирди. Бу ишларни амалга оширишда“Ҳақиқат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Чинобод қишлоғида18 та ҳамда “Янгиовул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Балиқчи аҳоли пунктига 2 та қурилиш пудрат ташкилоти жамоаси меҳнат қилаётир. Жиззахлик қурувчилар бу уйларни мукаммал таъмирлаб, яшаш учун тўлиқ тайёр ҳолга ўз эгаларига топширади.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида тошқиндан жиддий зарар кўрган маҳаллаларда яроқсиз ҳолатдаги инфратузилма объектлари қайта тикланиб, йўллар лойқалардан тозаланиб, ижтимоий ҳаёт аста-секин яна изига тушмоқда.
Сардобада бутун республикамизнинг барча вилоятларидан қурувчилар меҳнат қилаётир. Ҳукуматимиз томонидан зарур қурилиш ашёларининг узлуксиз етказиб берилиши йўлга қўйилгани, ҳашарчи қурувчиларнинг ғайрати,иш суръатининг юқорилиги бу ерда уйларни қайта тиклаш ҳам, янги турар жойларни қуриш ҳам узоққа чўзилмаслигини кўрсатмоқда. Ҳадемай, бу ерда қурувчилардан эсдалик республикамизнинг барча вилоятлари номлари билан аталган, шу жумладан, “Жиззахлик” кўчаси, мавзеси пайдо бўлса ажабмас.
ЎзА