“Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилиши масаласи муҳокама қилинди
Бугун, 20 май куни Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов, Хитой Халқ Республикасининг ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин бошчилигида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон томони ташаббуси билан ташкил этилган онлайн учрашувда томонлар “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чораларни муҳокама қилишди.
Хусусан, ушбу лойиҳа юзасидан томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутлари бўйича ягона тўхтамга келиш, лойиҳалаш ва қурилиш ишларида қўлланилаётган техник стандартлар, лойиҳани молиялаштириш манбалари ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Видеоанжуманда Элёр Ғаниев сўзга чиқиб, пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этиб бораётгани таъкидлади.
“Санитария-эпидемиология стандартлари шартларига мувофиқ деярли барча транспорт турларида юк ташувларига чекловлар қўйилмоқда. Карантин чоралари туфайли давлатларимиз ўртасида автомобилда юк ташувлари чекланган ҳолда амалга ошрилмоқда. Мазкур жараёнлар фонида энг хавфсиз, ишончли транспорт воситаси эса темир йўл бўлиб қолмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзи ҳам мазкур лойиҳани ҳаётга тезроқ тадбиқ этиш зарурлиги кўрсатмоқда”, деди Э.Ғаниев.
Учрашувда Хитой ва Қирғизистон томони мазкур темир йўл линияси ўтиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича берган таклифлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар тақдим этилган темир йўл қурилиши маршрутлари бўйича ягона тўхтамга келиш юзасидан, ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳанинг техник ва иқтисодий жиҳатларини яна бир карра кўриб чиқишга ва келаси ҳафтада ҳудди шу форматда учрашув ўтказишга келишиб олишди.