РАСМИЙ БАЁНОТ: Ўзбекистонда 565 бемор коронавирусдан даволанмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 2950 нафарга етди. 20 май куни 34 нафар, бугунги кунга қадар 2372 нафар, яъни 80 фоиздан ортиқ бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 565 бемор даволанмоқда.
45 мингдан кўпроқ фуқаро карантинга олинган. Улардан 17 мингдан ортиғи стационар шароитда карантин муддатини ўтаяпти. 20 май куни 12 мингдан зиёд, касаллик дастлабки аниқланган кундан бугунга қадар эса 540 мингдан кўпроқ лаборатория текширувлари ўтказилган.
Ҳурматли юртдошлар!
Карантин тадбирлари давом этяпти. Кўчага чиққанда албатта, ниқобда бўлинг, мулоқотга киришганда масофани сақланг, уйга қайтгач қўлларингизни антисептик воситалар билан тозаланг. Ҳар биримиз касаллик тарқалиб кетмаслиги учун масъул эканлигимизни ёдда тутайлик. Вазият мураккаблашса, нима бўлишини кўз олдингизга келтиринг.
Манба: ЎзА