Cенат раиси: “Каттақўрғон дилбар ва фусункор шаҳарга айланади”
Мазкур маҳалла кўп қаватли уйлардан иборат, ёпиқ шаклдаги, асосан ҳарбийлар истиқомат қиладиган ҳудуд. Аҳоли маҳаллани очиқ шаклдаги фуқаролар йиғинига айлантириш ташаббуси билан чиқмоқда.
Шаҳар ҳокими ҳудуддаги аҳоли сони, қамров даражаси, атрофдаги маҳаллаларнинг жойлашуви ва бошқа тегишли масалалар бўйича ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берди. Сенат Раиси мазкур масала чуқур таҳлил қилиш орқали ҳал этилишини, шундан кейин аниқ чора-тадбир кўрилишини айтди.
Каттақўрғонда мавжуд 23 моддий ва маданий мерос объектидан баъзиларининг қурилиш тарихи ХIХ аср охири, ХХ аср бошига бориб тақалади. Сўфи Оллоёр маҳалласидаги “Бегижон“ масжиди ҳамда Мирий маҳалласидаги “Розиқбой“ масжиди шулар жумласидан. Ўз даврида ҳашаматли ва ноёб меъморлик намунаси ҳисобланган мазкур обидалардан йиллар мобайнида турли мақсадларда фойдаланилган, айни дамда хароба аҳволга келган.
Танзила Норбоева обидаларни кўздан кечирар экан маданий мерос объектларини реставрация қилиш, асл ҳолатига келтириш муҳимлигини таъкидлади.
Сенат Раиси “Metall SolutionTechnologies” МЧЖ қўшма корхонаси, “Kattakurgan oil” МЧЖ, шунингдек, ун маҳсулотлари, саноат соҳасидаги нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан ҳам танишди.
– Икки кун давомида Каттақўрғон шаҳрини комплекс ривожлантириш бўйича ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ўрганаётган Танзила Норбоеванинг тадбиркорлар билан учрашувлари олдимизда турган кўплаб муаммолар ечимида муҳим омил бўлади. Президентимизнинг Каттақўрғонни обод шаҳарга айлантириш бўйича топшириқлари ортидан турли вазирлик ва республика даражасидаги идоралар раҳбарлари ёнимизда туриб муаммоларимизни ўрганмоқда, – деди шаҳар ҳокими, Сенатор Гавҳар Алимова. — Ишонамизки, ўрганишлар натижасида кўплаб муаммоларимиз ўз ечимини топади.
Ўрганишлар жараёнида тадбиркорлик субъектларининг молиявий, товар ва хомашё ресурсларига, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши жараёнларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Сенат раиси Танзила Норбоева Каттақўрғонни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари билан ҳам учрашди. Учрашувда фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал қилиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини ошириш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди.