Online-maktab лойиҳаси иштирокчилари муносиб тақдирланди
Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра лойиҳа иштирокчиларининг соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тасвирга олиш ишлари Тошкентдаги Президент мактаби биносига кўчирилди ва жорий йилнинг 22 апрель кунидан 8 май кунига қадар мазкур мактабда лойиҳа доирасида 1646 та телевизион дарслар тасвирга олинди.
Оnline-maktab лойиҳаси доирасида жами 3900 дан зиёд видеодарслар олинди, учта телеканал ва интернет тармоғи орқали намойиш этилди.
Мактабда 4 та замонавий студия ташкил қилиниб, тасвирга олиш жараёнини сифатли олиб бориш учун зарур техника асбоб-ускуналари билан жиҳозланди.
Ўқитувчилар онлайн дарсларга пухта тайёргарлик кўришлари учун замонавий компьютер ва электрон доскалар билан жиҳозланган алоҳида хоналар ажратилиб, етарли ўқув-қуроллари ҳамда юқори интернет тезлигига эга WI-FI билан таъминланди.
Шунингдек, лойиҳа иштирокчиларининг ишдан бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида психологик тренинг ва спорт мусобақалари ташкил этилди.
Оnline-maktab лойиҳаси якунига бағишланган тадбир Тошкентдаги Президент мактаби биносида тантанали ташкил этилди. Тадбирда Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов, ХДП раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари У.Иноятов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати М.Ворисова, Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар Агентлиги директори С.Бобоходжаев эсдалик совғалар билан иштирок этди.
Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов Оnline-maktab лойиҳаси МДҲ давлатлари доирасида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб ташкил қилингани, бу ташаббусга Жаҳон Банки ва бошқа ташкилотлар томонидан юқори баҳо берилгани тўғрисида алоҳида таъкидлади. Лойиҳани амалга оширишда ҳамжиҳатликда фаолият олиб борган ташаббускор ўқитувчиларга миннатдорчилик билдирди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари У.Иноятов, Олий Мажлис депутати М.Ворисова лойиҳада иштирок этган ўқитувчиларнинг пандемия шароитида таълимнинг узлуксизлигини таъминлашда кўрсатган фидойиликларини ҳақиқий қаҳрамонлик, дея эътироф этди. Ўқитувчиларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.
Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов томонидан лойиҳанинг 2-босқичида фаол иштирок этган ташаббускор ва ижодкор ўқитувчиларнинг 13 нафари “Халқ таълими фидойиси”, 31 нафари “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 92 нафар фидойи ўқитувчи, шунингдек ЎзМТРК ходимлари фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирланди.