Ўзбекистон ва Россия етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро онлайн-конференцияси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Олий таълим Кенгаши ҳамда Россия Федерацияси фан ва таълим вазирлиги, Россия ректорлар Кенгаши ва М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ташаббуси билан «Ўзбекистон ва Россия етакчи олий таълим муассасалари ректорларининг Худудлараро онлайн конференцияси» ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.
Конференцияда икки мамлакат ўртасида ўсиб бораётган савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий алоқалар, олий таълим соҳасига мамлакатлари раҳбарлари даражасида қаратилаётган алоҳида эътибор эътироф этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 2018 йил октябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи доирасида ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Россия таълим форумида 114 тадан ортиқ олий таълим муассасалариаро шартномалар имзоланган эди.
Эришилган келишувлар асосида сўнгги йилларда янада кенгайган ўзаро ҳамкорлик алоқлари натижасида Ўзбекистоннинг 34 та, Россиянинг 48 та олий таълим муассасаcи иштирокидаги қўшма дастурлар асосида 3 минг 500 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ўзбекистонда очилган Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари сони 10 тага етди.
Тадбирда Ўзбекистон ҳамда Россия вазирлик ва идоралари томонидан Тошкентда A.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети филиали, Н.Пирогов номидаги Россия Миллий илмий-тадқиқот тиббиёт университети филиали, Санкт-Петербург кончилик университетининг Бошланғич муҳандислик тайёргарлиги маркази ва Тошкентдаги Санкт-Петербург давлат университети филиалини, шунингдек «Станкин» номидаги Москва давлат технологиялар университетининг Тошкент давлат техника университети, Самарқанд давлат университети, Навоий давлат кончилик институти ва Бухоро муҳандислик-технология институти билан ҳамкорликда Россия-Ўзбекистон илмий-технологик ўқув марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Конференция якунида икки мамлакат ўртасида илмий соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги вазифалар белгиланди.