Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида кўргазма фаолиятини фаоллаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида кўргазма фаолиятини кенгайтириш чора-тадбирларини муҳокама қилишга бағишланган видеоконференция шаклида мажлис бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.
Видеоконференцияда тегишли вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Санъатшунослик институти вакиллари ва Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси иштирок этди.
Онлайн-йиғилишда халқаро кўргазмалар - хорижий ҳамкорлар билан инвестиция ва савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, экспортга йўналтирилган ички маҳсулотларни истиқболли хорижий бозорларга чиқариш учун энг самарали воситаларидан бири эканлиги, шунингдек, мамлакатлар ўртасида фаол маданий – тарихий алмашувига ёрдам бериши қайд этилди.
Учрашувда, шунингдек, Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма маркази (Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси) ҳудудидаги Ўзбекистон миллий экспозиция марказида “Made in Uzbekistan” миллий маҳсулотлар кўргазмасини ҳамда ноёб музей экспонатлари ва коллекциялари, замонавий санъат ва ҳунармандчилик кўргазмаларини ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.
Масъул раҳбарлар томонидан мазкур тадбирларга тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотлари эшитилди. Уларга кўргазма повильонларини қурилиш ишларини олиб бориш, музей буюмлари ва коллекцияларини, замонавий санъат ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларини жўнатиш, халқаро анжуман очилиш маросими доирасидаги бошқа тадбирлар билан боғлиқ ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар берилди.
Шу билан бирга, режалаштирилган тадбирлар доирасида россиялик ҳамкорлар билан имзоланадиган реал инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларининг дастлабки пакетини шакллантириш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигига таъкидланди. Ушбу масалада Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси фаолиятини мувофиқлаштиради.
Маълумот учун: 2019 йил 30 май куни Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида Москва шаҳридаги Бутунроссия кўргазма маркази (ХХЮК) ҳудудидаги 66-павильонда «Ўзбекистон Республикаси кўргазма маданий маркази» экспозицион марказини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди, унга кўра павильон ва у билан тарихан боғлиқ ер майдонларининг қисми Ўзбекистон томонига 49 йил муддатга ижарага берилади. Айни пайтда павильонда реставрация-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.