Cодиқ Сафоев қирғизистонлик ҳамкасби билан парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон-Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлик комиссияси ҳамраиси Содиқ Сафоев Қирғизистон Жокорку Кенеши Торағаси (спикери) ўринбосари, ушбу парламентлараро комиссия ҳамраиси М.Бакиров билан видеомулоқот тарзида суҳбат ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Сенат манбасига асосланиб.
Мулоқотда икки томонлама парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳақида фикр алмашилди.
Бундан ташқари, икки мамлакат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган сиёсат ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида ўзаро ҳамкорлик сифат нуқтаи назардан янги поғонага кўтарилганлиги қайд этилди. Эришилган ҳамкорликнинг янги даражаси, айниқса, пандемия шароитида ўзаро кўрсатилган ёрдам туфайли яққол намоён бўлганлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, икки давлат чегарасида юз берган сўнгги воқеалар жиддий хавотир уйғотаётгани қайд этилди.
Бу вазиятда парламент аъзолари четда турмаслиги лозимлиги айтилди. Улар ҳукумат ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органлари билан биргаликда бу борада ҳар томонлама кўмаклашиш, чегарадош туманларда барқарор ҳолатни мустаҳкамлаш юзасидан фаол иш олиб бориши лозим.
Шу муносабат билан тез орада Парламентлараро ҳамкорлик комиссиясининг навбатдаги мажлисини ўтказиш таклиф этилди.
Ўз навбатида, М.Бакиров икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги жиҳатларини юксак баҳолаши ва қадрлашини таъкидлади. “Янги аҳамият касб этган ҳамкорлигимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак”, — деди у.
Бундан ташқари, парламентарий рўй берган воқеа хусусида парламент дипломатияси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ресурсидан фойдаланиш муҳимлигини қўллаб-қувватлади.
Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро мулоқоти икки мамлакат халқлари ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Суҳбат якунида томонлар икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича мунтазам мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.