Ўзбекистонда божхона маъмуриятчилиги ислоҳ қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Фармонга кўра, 2020 йил 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини божхона органларининг ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этадилар.
2020 йил 1 сентябрдан чегара божхона постларида “Ягона дарча” божхона ахборот тизими жорий этилади.
2020 йил 1 ноябрдан:
- божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақти хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартирилади;
- божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш орқали товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатлари қисқартирилади, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
- Давлат божхона қўмитасининг хавфларни бошқариш тизими автомобиль чегара божхона постларида жорий этилади;
- транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имконияти тақдим этилади;
- “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш меъёрини идентификациялаш ва баҳолаш усули тадбиркорнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқилади.