Келгуси икки ҳафта давомида Россияга 11 та чартер рейс амалга оширилиши кутилмоқда
Жорий йил 30 май - 6 июнь кунлари Россиядан Ўзбекистонга 1 минг 642 нафар юртдошимиз олиб келинди, шулардан 805 киши Москва шаҳрига тўғри келади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси маълумотига кўра, биринчи навбатда ёши улуғ инсонлар, касалманд кишилар, ёш болалар ва ҳомиладор аёллар олиб келинмоқда.
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Нур-Султон шаҳридаги элчихона ва Оқтау шаҳридаги Бош консулхона билан ҳамкорликда Самара вилоятида бўлиб турган 367 нафар юртдошимиз Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга қайтарилди.
Шунингдек, 8-21 июнь кунлари «Uzbekistan Airways» АЖнинг хориждан юртимизга 20 та, жумладан 8 та Москвадан ва биттадан Екатеринбург, Қозон ва Новосибирск шаҳарларидан чартер рейси парвози режалаштирилган.
Расмий маълумотлар ҳолатига кўра, 8 июнь куни Россияда коронавирусга чалинганлар сони 467 минг 673 тани ташкил этмоқда, соғайганлар 226 минг 731 киши, вафот этганлар эса 5 минг 859 нафар. Сўнгги кеча-кундузда мамлакатда 8 минг 984 киши COVID-19ни юқтирган.