Вашингтонда “Мамлакатларни баҳолаш харитаси”да Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш истиқболлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси вакиллари “Millennium Challenge Corporation” (MCC) вакиллари билан онлайн маслаҳатлашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
МСС АҚШ ҳукуматининг ривожланишига кўмаклашувчи мустақил агентлиги бўлиб, 2004 йил январь ойида Конгресс томонидан дунёда камбағалликка қарши курашиш мақсадида ташкил этилган. Тузилма учинчи томон рейтинглари ва индекслари асосида (Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСEФ, ЮНEСКО, “Heritage Foundation”, “Freedom House”, Брукингс институти ва бошқалар) ҳар йили “Мамлакатларни баҳолаш харитаси”ни тузади. Харита асосида эса молиявий ва техник ёрдам дастурларини амалга ошириш учун мамлакатлар танланади.
Бирор мамлакатни МСС ёрдам дастурларига киритиш тўғрисидаги қарорлар АҚШ Президенти томонидан Сенат билан келишилган ҳолда тайинланадиган директорлар Кенгаши томонидан қабул қилинади. Ҳозирги вақтда АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео (Кенгаш раиси), Молия вазири Стивен Мнучин (раис ўринбосари), АҚШ Савдо вакили (USTR) Роберт Лайтхайзер, МСС бош ижрочи директори Шон Кернкросс ва бир қатор хусусий компаниялар вакиллари унинг таркибига киради.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг “Мамлакатларни баҳолаш харитаси”даги кўрсаткичларини яхшилаш истиқболлари ва республикани камбағалликни камайтириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга йўналтирилган молиявий ҳамда техник ёрдам дастурларига киритиш масалалари муҳокама қилинди.
Корпорациянинг 2020 йил учун мўлжалланган молиявий ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон молиявий сиёсат, кредит олиш, бизнесни бошлаш ва юритишнинг соддалаштирилган тартиби, соғлиқни сақлаш, аҳолининг иммун тизимини яхшилаш ва болалар соғлиғини сақлаш соҳасида сезиларли ютуқларга эришди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган эди.
Маълумки, 2020 йилда Ўзбекистон “Doing business” рейтингида 190 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади (ўтган йили 76-ўрин). Иқтисодий эркинлик индексида эса дунёнинг 180 мамлакатидан 114-ўринда қайд этилди (140). Ўзбекистон қонун устуворлиги индексида 4 позиция бўйича ўз ўрнини яхшилаб, 128-ўриндан 92-ўринга кўтарилди, шунингдек, «Gallup, Inc.» рейтингида 153 мамлакат орасидан 38-ўринда белгиланди.