Ўзбекистонда геология фанлари университети ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Қарорга кўра, геология соҳасида таълим, илмий-тадқиқот ва амалиёт интеграциясига ихтисослашган, Давлат геология қўмитаси таъсисчилигида давлат муассасаси шаклидаги Геология фанлари университети (университет) ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.
Университет Давлат геология қўмитаси, тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича республиканинг ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Университетга талабалар Давлат геология қўмитаси буюртмаларига асосан шакллантириладиган ва ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида қабул қилинади.
Талабалар Ўзбекистоннинг давлат таълим стандартлари асосида геология ва кончилик йўналишидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг қўшма таълим дастурлари бўйича, улар билан эришиладиган келишувларга мувофиқ ўқитилади.
Қарор билан университетнинг Геоинновацион технологиялар маркази ташкил этилди, шунингдек, олий ўқув юртининг Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.