ЖССТ: пандемия қайта қулоч ёймоқда
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори (ЖССТ) Тедрос Адханом Гебрейесуснинг айтишича, Европада коронавирус тарқалиши ҳолати яхшиланаётганига қарамасдан, бутун дунё миқёсида олиб қараганда пандемия кучайиб бормоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ЖССТ Бош директори сўзига таяниб.
“Айни пайтда ЖССТ томонидан қарийиб 7 миллион COVID-19 ва 400 мингта ўлим ҳолати рўйхатга олинган, дея маълум қилди Ташкилот раҳбари душанба куни бўлиб ўтган онлайн-брифингда. - Европада коронавирус тарқалиши ҳолати яхшилансада, бироқ, дунё миқёсида олиб қараганда у тескари кўриниш олмоқда”.
Тедрос Адханом Гебрейесусга кўра, сўнгги ўн кунликнинг тўққиз куни мобайнида янги касаллик юқтирганларнинг сони бир кеча-кундузда 100 мингдан ортган, якшанба куни 136 минг кишининг касалликка чалиниши – бу кунлик ҳисоблар бўйича пандемия бошлангандан бери рекорд кўрсаткичдир. “Кечаги касалликни юқтириш ҳолатининг 75 фоизи асосан Америка ва Жанубий Осиёдаги 10 та мамлакатга тўғри келмоқда”, қайд этди ЖССТ Бош директори.
“Шунингдек, биз Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг баъзи ҳудудларида ҳам коронавирус ҳолатининг ўсишини кузатаяпмиз”, таъкидлайди Т. Гебрейесус.”
Эпидемиологик ҳолат яхшиланаётган мамлакатлар учун энг асосий душман – бу лоқайдлик ва хотиржамликка берилишдир, огоҳлантирмоқда ЖССТ раҳбари.
У вирус қайта хуруж олмаслигига кафолат бериш учун барчани эпидемиологик назоратни янада кучайтиришга ва баъзи мамлакатларда, айниқса, турли оммавий йиғилишларни қайта тикламасликка чақирди.