Австрия ва Малайзия парламентлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Австрия парламентининг Миллий кенгаши ва Малайзия парламенти Вакиллар палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Қонунчилик палатаси манбасига асосланиб.
Таъкидлаш керак, бугунги кунда ташқи сиёсат соҳасида парламентлараро алоқалар мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада тараққий эттиришда муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида чет эл мамлакатлари парламентлари билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чет эл мамлакатлари қонун чиқарувчи органлари билан ҳамкорлик йўналишида нафақат Европа балки, Осиёнинг етакчи мамлакатларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Австрия парламентининг Миллий кенгаши билан тузилган парламентлараро гуруҳига Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Алишер Қодиров раҳбарлик қиладиган бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Малайзия парламенти Вакиллар палатаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳига эса Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров раҳбар этиб тасдиқланди.