Ўзбекистонда Санкт-Петербург университетининг филиали очилиши режалаштирилмоқда
Жорий йилда Ўзбекистонда Санкт-Петербург Давлат университетининг филиалини очишга тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг душанба куни эълон қилинган қарори лойиҳасида қайд этилди.
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими (ҚҲТБТ) порталига 20 июнга қадар давом этадиган жамоат муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Дастлабки босқичда университет уч йўналишда яъни, шарқ тиллари филологияси, Шарқ мамлакатлари этнографияси ва иқтисодиёти, шунингдек биомедицина бўйича мутахассисларни тайёрлайди.
Айтиш жоизки, Санкт-Петербург давлат университети Европа ва дунёнинг энг йирик илмий-маърифий таълим марказлари сирасига киради. Бугунги кунда ушбу университета 30 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда, олийгоҳда Нобель ва Филдс мукофотлари соҳиблари фаолият олиб боради ҳамда Россиянинг етакчи Илмий муассасалар таркибига кирувчи 15 дан ортиқ йирик лабораториялар ва 26 та заҳира марказлари ташкил этилган.