Ўзбекистонда ҳудудларнинг ишбилармонлик муҳити рейтинги эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Адлия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда мамлакатимиз ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо беришга қаратилган «BUSINESS INDICATOR» автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимини синов тариқасида ишга туширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига асосланиб.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, баҳолашда иккита асосий манбага: тегишли идораларнинг расмий статистик маълумотлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларига асосланилди.
Хусусан, тизимда синов тариқасида ўтган 2019 йилнинг якунлари бўйича ҳудудларнинг, жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарда ишбилармонлик муҳити баҳоланди.
Баҳолаш жами 29 та кўрсаткич (индикаторлар) асосида амалга оширилиб, шундан 25 таси тегишли идораларнинг статистик маълумотлари, қолган 4 таси 17 мингдан ортиқ тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўров натижаси ҳисобланди.
Тадбиркорларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги ҳамда Давлат бюджетига келиб тушган тушумлардаги улуши, тадбиркорлар томонидан аҳолини иш билан таъминлашни асосий кўрсаткичлар сирасига киритиш мумкин.
Ишбилармонлик муҳитини баҳолаш мезонлари тўғридан-тўғри ҳукумат қарорида кўрсатилган бўлиб, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-Омбудсман, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан келишилган.
Мазкур рейтинг синов тариқасида ишлаб чиқилган, яъни демо ҳолатида. Ушбу демо рейтинг дастлабки натижаларига асосан кучли 5 таликка кирган ҳудудлар номи маълум бўлди.
Унга кўра:
1. Тошкент шаҳри
2. Навоий вилояти
3. Бухоро вилояти
4. Қорақалпоғистон Республикаси
5. Самарқанд вилояти