Бухорода инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш масалалари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарида қайд этилишича, ишчи гуруҳ ташриф давомида вилоятнинг Жондор, Қоракўл ва Олот туманларида тўфон оқибатларини юмшатиш, маҳаллий тадбиркорлар ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш, касаначиликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш жараёнини ўрганди.
Ўрганиш давомида табиий офатдан талафот кўрган иссиқхоналарни таъмирлаш, тадбиркорларга етган зарарни қоплаш, тижорат банклари томонидан корхоналар фаолиятини тезкор равишда тиклаш мақсадида қўшимча имтиёзли кредит ажратиш чоралари юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботлари тингланди. Тармоқ ва тижорат банклари кесимида янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг жорий ҳолати кўриб чиқилди.
Учрашувлар чоғида минтақада иқтисодий фаолликни рағбатлантириш мақсадида йирик саноат, жумладан, тўқимачилик корхоналари негизида тадбиркорликни ривожлантириш ва касаначилик учун имкониятларни ташкил этишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш устувор вазифа этиб белгиланди. Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги лойиҳаларга урғу бериб, аҳоли даромадларини ошириш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Бухоро вилоятининг туман ва шаҳарларига тижорат банклари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари бириктирилди. Уларнинг асосий вазифаси сифатида иқтисодий салоҳиятни чуқур ўрганиш ва янги истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун вилоятга қарашли туман ва шаҳарлар сектор раҳбарлари шахсан жавобгар экани ҳақида огоҳлантирилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига ушбу лойиҳаларни жадаллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, жойларда мавжуд имкониятларни атрофлича таҳлил қилиб, янги инвестициявий ташаббусларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Тижорат банкларининг Бухоро вилоятида маҳаллий аҳолини касаначилик ишларига жалб этиш бўйича тўртта истиқболли йўналиш: кулолчилик, узумчилик, анор ҳамда мевали-манзарали дарахтлар кўчатларини етиштириш инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда эришилган ютуқлар таҳлил қилинди. Тегишли банклар раҳбарларига Фарғона вилоятининг Риштон, Олтиариқ ва Қува туманлари тажрибасидан фойдаланган ҳолда қайд этилган йўналишларда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш таклифларини ишлаб чиқиш топширилди.
Делегация сафар давомида вилоят туман ва шаҳарлари салоҳиятидан келиб чиқиб, истиқболли инвестиция таклифлари сонини кўпайтириш учун тизимли равишда фаолият юритадиган «Лойиҳалар фабрикаси»ни ташкил этиш масаласини кўриб чиқди.
Муҳокама натижасида вазирлик ва идоралар, тармоқ хўжаликлари бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар масъул раҳбарларига муддатлар ва кутилаётган натижалар аниқ белгиланган манзилли кўрсатмалар берилди. Ушбу чора-тадбирлар ва кўрсатмаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилиши белгиланди.