Абдулазиз Комилов “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлар учрашувида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” вазирлар учрашувида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири ТИВ Матбуот хизматига таяниб.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва ЙИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел турли соҳалардаги минтақалараро ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Мажлисда сўзга чиққан вазир Абдулазиз Камилов мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши ва унинг салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон тегишли халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан фаол ҳамкорлик қилаётгани, минтақавий даражада қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон ва ЙИ ўртасидаги муносабатлар нуқтайи назаридан томонлар сўнгги йилларда кенг кўламли ва самарали бўлган яқин ва дўстона муносабатлар ўрнатилишини ижобий баҳоладилар.
Устувор йўналишларда, жумладан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тузиш орқали Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан мулоқотини фаоллаштириш мақсади қайд этилди.
Музокараларда Ўзбекистон делегацияси раҳбари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясини қўллаб-қувватлади ҳамда муштараклик ва барқарор ривожланишни кучайтириш мақсадида Тошкентда “Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” вазирлар конференциясини ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон ташаббусини амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Ушбу тадбир савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, рақамлаштириш ва бошқа истиқболли соҳалардаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга ёрдам бериши қайд этилди.
Учрашув давомида, шунингдек, Афғонистон масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.