БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Ўзбекистон билан ҳамкорликни қўллаб-қувватламоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси 2019 йил учун йиллик ҳисобот тақдим этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси маълум қилишича, ҳужжатдан Олий комиссар фаолияти якунлари, бошқарма бош қароргоҳи ва унинг жойлардаги ваколатхоналари бажарган кенг кўламли ишлар ҳақидаги батафсил маълумот жой олган.
Ушбу ҳисобот Мишел Бачелетнинг Олий комиссар сифатида ишлаган биринчи йил натижаларига асосланган. Чили Президенти сифатида икки марта фаолият юритган M.Бачелет ушбу лавозимга 2018 йил сентябрь ойида Зайид ал-Ҳусайн (Иордания) ўрнига тайинланган эди.
Ҳужжатда БМТ томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган ишлар қайд этилган. Хусусан, БМТ тинчликпарварлик амалиётида инсон ҳуқуқлари таъминланишига кўмак берилди, бошқарманинг дунё бўйлаб 84 та ваколатхонаси салоҳияти оширилди ва техник ҳамкорлик ривожлантирилди, инсон ҳуқуқларига оид 37 та шартномани ратификация қилиш ва инсон ҳуқуқлари бўйича асосий ҳужжатларга қўшилишга кўмаклашилди, 77 мамлакатда қийноққа учраган 36 мингга яқин инсон реабилитация қилинди, дискриминацияни ҳар қандай шаклда тақиқлаш бўйича 15 та янги миллий қонун қабул қилишга ёрдам берилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳужжатда илк бор инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган ютуқлар тўғрисида батафсил маълумот берилган. Ҳисоботнинг кириш қисмида бу ҳақда сўз юритилган.
Олий комиссар бошқармаси Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) бўйича миллий кўрсаткичларни ишлаб чиқишга ёрдам бериш бўйича ташкил этилган қатор қўшма тадбирларни ижобий баҳолаган. Таъкидланишича, Ўзбекистон БРМ ва ривожланишнинг бошқа режаларини амалга оширишда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари бўйича тавсияларини инобатга олмоқда.
Ўзбекистон томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш жараёнида эришилган натижалар ҳақида ҳам хабар қилинган. Бундан ташқари, мамлакатимизда БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциянинг факультатив протоколига қўшилишни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилганига эътибор қаратилган. Ушбу муҳокамаларда фуқаролик жамияти вакиллари ҳам фаол иштирок этгани қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил декабрь ойида халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича тавсиялари ижросини мониторинг қилиш бўйича фаолиятни кучайтиришни назарда тутган қарори қабул қилингандан сўнг Олий комиссар бошқармаси томонидан халқаро тажриба ва илғор амалиёт алмашувини ташкил қилиш бўйича қатор лойиҳалар ташкил этилганига алоҳида эътибор қаратилган.
БМТнинг шартномавий ва устав органларига ҳисоботларни тақдим этишнинг миллий механизмлари салоҳияти сезиларли даражада кучайтирилгани таъкидланган. Ўзбекистон Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий ҳужжатини тайёрлади ва тақдим этди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тузилмалари бундай ҳужжатлардан асосий қўлланма сифатида фойдаланади.
Тегишли давлат органлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти ўртасида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмиталарининг якуний хулосалари бўйича изчилликка эришиш ва уни мониторинг қилишда мувофиқлаштирилган ҳаракатлар даражаси кўтарилди.
Ҳисоботда академик ҳамжамият, вазирлик ва давлат идоралари вакилларини ўқитиш ва касб маҳоратини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам акс эттирилган.
Шунингдек, мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг нашрлари ҳамда маълумотномалари ўзбек тилига таржима қилиниб, тарқатилгани таъкидланган.