Тошкентда Ўзбекистон – Хитой анъанавий табобат маркази очилди
Бугун мамлакатимиз пойтахтида Ўзбекистон – Хитой анъанавий табобат марказининг очилишига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Саидов ва Чин юртининг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Цзян Янь хоним, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, Цзянси анъанавий Хитой табобати университети партия қўмитаси котиби Чэн Минжэн, «Бэчжун Илинь» компанияси раиси Линь Сюэжун, «China Machinery Engineering Corporation» компанияси бошқаруви раиси Бай Шаодун ва бошқалар қатнашди.
Маросим чоғида ушбу марказнинг очилиши Марказий Осиёда анъанавий тиббиёт соҳасидаги энг йирик қўшма лойиҳа ҳисобланиши қайд этилди. Марказ тадқиқот ва даволашнинг кенг қамровли усулларидан фойдаланган ҳолда аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиши баробарида истиқболда анъанавий, халқ ва замонавий тиббиёт, шунингдек, фармацевтика соҳасида ўзбек ва хитой мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Алоҳида таъкидланганидек, ҳозирги пайтда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида стратегик шериклик муносабатлари икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишларида юқори даражани касб этган. Биргаликда саноат, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг қамровли сармоявий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Маълумки, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик икки мамлакат шериклигининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил апрель ойидаги “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида етакчи мамлакатларнинг, жумладан, Хитойнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибасини ўрганиш муҳим йўналишлардан бири экани қайд этилган.
Видеоконференция чоғида бу йўналишда биргаликдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг Ўзбекистонда филиалини очиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳам маълум қилинди.