ЕХҲТнинг Экологик-иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш бўйича учрашув тўғрисида
2020 йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) 28-экологик-иқтисодий форумига тайёргарлик кўриш бўйича иккинчи учрашувда иштирок этди. Тадбир видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Тадбирда ЕХҲТ бош котиби Томас Гремингер, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг саноатни ривожлантириш бўйича ташкилоти бош директори Ли Йонг, халқаро тузилмалар ва ЕХҲТ аъзо давлатларининг вакиллари иштирок этди.
Инновация, шаффофликни ошириш ва рақамлаштириш жараёнини кенгайтириш орқали коррупцияга қарши курашиш йўли билан ЕХҲТ минтақасида хавфсизлик, барқарорлик ва иқтисодий ўсишга кўмаклашиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Ўзбекистон томони “Коррупцияга қарши курашда замонавий инновацион ёндашув - Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида нутқ сўзлади.
Маърузада Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги таъкидланди. Жумладан, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини кучайтириш, давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан самарали ҳамкорлигини ташкиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.