Вилоят ҳокимларига янги ўринбосар ва маслаҳатчи лавозими жорий этилади
“Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, туристлар учун “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими жорий этилади.
Туроператорлар томонидан хорижий туристларга хизмат кўрсатиш карантин даврида фақат ушбу тизимнинг хавфсиз объектлари реестрига киритилган туризм ва ёндош инфратузилма объектларида ташкил қилинади.
Хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи объектларда тизим мажбурий тартибда жорий этилади.
Қарорга кўра, Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган саёҳат давомида хорижий туристлар коронавирус (COVID-19) инфекциясини юқтириб олган тақдирда, уларга 3 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тўловларини тўлаб бериш механизмларини жорий қилган ҳолда Хавфсиз туризм жамғармаси ташкил этилади.
Қарорга кўра, коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳолатларнинг мамлакат туризм соҳасига салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.
2020 йилда ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан камида 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Шунингдек, қарор билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига бир қатор қўшимча вазифалар юкланди. Қўмита, жумладан, сув омборлари ва ўрмон хўжаликларида туризм турларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳукумат қарорлари ижросини мониторинг қилади.
Қарор билан қуйидаги лавозимлар жорий этилди:
Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси;
Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳокимнинг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ўрнига тегишлича туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари.
Қарор билан ”Андижон” халқаро аэропортига “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номи берилди.
ЎзА