Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида қатнашади
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК)нинг эртага бўлиб ўтадиган Туризм вазирлари V йиғилишида Ўзбекистон ҳам иштирок этади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14 сентябрь куни «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван Битимини ратификация қилиш ҳақида»ги Қонунни имзолаган эди. 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТТДҲК саммитида Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо сифатида қатнашиб, тадбирда Давлатимиз Раҳбари иштирок этган. Бугунги кунда Ўзбекистон Кенгашнинг барча тузилмаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Видеоконференция шаклида ўтказиладиган бу галги йиғилишда илк бор Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов қатнашади. Тадбирда, шунингдек, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет НуриEрсой, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Актоти Раимкулова, Қирғизистон маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманкулов ҳамда бошқа ТТДҲК мамлакатларининг туризм ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишади.
Иштирокчилар туризмнинг “COVID-19” эпидемияси шароитидаги ҳолати, пандемия келтириб чиқарган ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича мамлакатларнинг шу соҳадаги тажрибаси, Турк кенгашига аъзо давлатлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклаш чора-тадбирлари, Кенгашга аъзо давлатларнинг сайёҳлик йўналишларини илгари суриш лойиҳалари ва ташаббуслари муҳокама қилинади.
Шунингдек, «Замонавий Ипак йўли» қўшма туристик маҳсулот лойиҳасига Ўзбекистон шаҳарлари ва манзилларини киритиш ҳамда ТТДҲК Туризм масалалари бўйича вазирларининг навбатдаги VI йиғилишини 2021 йил Ўзбекистонда ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
ЎзА