ИТСВ "Лойиҳалар фабрикаси"ни ривожлантириш учун «Dubai future foundation» кўмагини жалб қилди
Жорий йилнинг 22 июнь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқариш маркази директори Х.Тешабаев, БАА ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазирлигининг лидерлик ва давлат имкониятлари Котибияти директори ўринбосари Ясира Аль Накби ҳамда «Dubai Future Foundation» (БАА) бош директори Халфан Белҳоул иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.
Видеоконференция давомида Амирлик томони «Dubai Future Foundation» инновацион, талабга эга бўлган инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги фаолияти ва имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этди, шунингдек, бизнес-инкубаторларни яратиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Музокаралар якуни бўйича Марказ ва «Dubai Future Foundation» ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказ салоҳиятини ошириш ва Марказ қошида фаолият юритаётган «Лойиҳалар фабрикаси» самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув дастурини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Унинг асосий вазифаси янги йирик инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Маълумот учун: «Dubai Future Foundation» (DFF) 2016 йилда БАА вице-Президенти ва бош вазири Шейх Мухаммад бин Рашид Аль Мактум томонидан ташкил этилган. DFF БАА келажагини режалаштириш ва шакллантиришда асосий роль ўйнайди. DFF Дубайни келажакнинг етакчи шаҳрига айлантиришга интилади. DFF энг етук зиёлилар ва кўплаб истиқболли кашфиётчилар учун глобал йўналиш сифатида Дубайнинг позициясини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаб, бутун дунё бўйлаб инновацион лойиҳаларни аниқлаш бўйича фаолият юритади.
Бугунги кунда DFF Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ихтисослаштирилган онлайн портал орқали кенг аҳоли учун бепул масофавий таълим берувчи "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилмоқда. Кенг қамровли лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг март ойида БААга ташрифи чоғида эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги