Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрига ташрифи дастурининг биринчи тадбири ўлароқ олий даражадаги музокаралар бўлди.
Кремлда давлатимиз раҳбарини Россия Президенти Владимир Путин кутиб олди.
Суҳбат чоғида стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Президентининг Россияга давлат ташрифи билан келиши айнан шу кунларга режалаштирилган эди. Аммо коронавирус пандемияси ушбу режаларни ўзгартириб юборди, тадбир бошқа муддатга кўчирилди.
Учрашув бошида Россия Президенти Шавкат Мирзиёевга Буюк Ғалабага бағишланган тантаналарда иштирок этиш таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди.
Владимир Путин мамлакатимиз Қуролли Кучлари вакиллари мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор эртага, 24 июнь куни Қизил майдонда бўлиб ўтадиган парадда иштирок этиши ҳақида сўз юритар экан, «бу ўзига хос иттифоқчилик муносабатларимизнинг яққол намойиши» эканини таъкидлади.
Россия Президенти, шунингдек, Ўзбекистон халқи Ғалабага улкан ҳисса қўшганини, юртдошларимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилганини, элимиз эвакуация қилинганларни бағрикенглик билан қабул қилганини мамнуният билан қайд этди. Тошкент шаҳрида Ғалаба боғи ташкил этилгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари, ўз навбатида, Владимир Путин ва бутун Россия халқини улуғ айём билан табриклади. «Бу – бизнинг умумий тарихимиз, умумий ғалабамиз”, - деди Шавкат Мирзиёев. Тошкентдаги Ғалаба боғининг Ёдгорлик мажмуаси фондини бойитиш, шунингдек, Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисида янада ҳаққоний статистик маълумотларни олиш мақсадида архив материалларини тақдим этишга тайёрлик намойиш этгани учун Россия томонига миннатдорлик билдирилди.
Президентлар кейинги йилларда икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Жаҳон инқирози оқибатларининг салбий таъсирига қарамай, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсмоқда. Хусусан, ўтган йили ушбу кўрсаткич 6,6 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг илк ойларида ўзаро савдо ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди.
Икки давлат етакчи компанияларининг кооперацияси кенгаймоқда: бугунги кунда 2 мингга яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда, юртимиз иқтисодиётининг барча асосий тармоқларини қамраб олган ҳолда қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Умуман, Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
Ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши - фан ва таълим соҳаларидаги фаол алмашинувлар. Кейинги бир неча йилда юртимизда Россия етакчи олий таълим муассасаларининг 7 та филиали ташкил этилди. Уларнинг умумий сони 10 тага етди. Россиянинг яна 4 та университети филиалларини очиш режалаштирилган.
Бундай ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликка кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Бу нафақат савдо, инвестициялар, транспорт ва таълим, балки қишлоқ хўжалиги, фан ва инновациялар, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва бошқа муҳим йўналишлардир.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия муносабатларининг долзарб масалаларини батафсил кўриб чиқдилар.
Фаол мулоқотни давом эттириш ҳамда Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида келишувларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги қайд этилди.
Икки мамлакат ҳукуматларига бўлажак олий даражадаги ташрифга пухта тайёргарликни давом эттириш, бунда янги иқтисодий дастурлар ва илғор инвестиция лойиҳаларига эътибор қаратиш топширилди.
Президентлар халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, бўлажак учрашувлар режасини, шу жумладан МДҲ ва ШҲТнинг навбатдаги саммитларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш борасида англашиб олдилар.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Владимир Путиннинг учрашуви якунига етди.
Эртага давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиши режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти